Жаҳон | 13:42 / 28.01.2017
35337
2 дақиқада ўқилади

Исломни қабул қилгани айтилаётган актриса Линдси Лоҳан Эрдўған билан учрашди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған америкалик актриса Линдси Лоҳан билан учрашди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Лоҳан ўзининг “Инстаграм”даги саҳифасида Эрдўған билан учрашувдан олинган фотосуратни тақдим этди. Шу билан бир қаторда, у аввалги барча суратларини ўчириб ташлаган.

Таъкидланишича, Туркия пойтахтидаги президентлик саройида бўлиб ўтган учрашувда, шунингдек, президент рафиқаси Амина Эрдўған ва Ҳалаблик етти ёшли қизча Бана ал-Обод онаси билан бирга иштирок этган.

Агентлик маълумотига кўра, матбуот учун ёпиқ тарзда бўлиб ўтган учрашувда Ҳоливвуд юлдузи суриялик қочқинларга кўмак бераётган Туркия давлати позициясига юқори баҳо берган.

Лоҳаннинг сўзларига кўра, Туркия дунёдаги кўплаб давлатлардан фарқли равишда Сурия халқи фожиасига беэътибор бўлмади.

«Туркияга келишдан қўрқадиганлар ҳам бор. Бироқ мен бу ерда ўзимни жуда ҳам яхши ҳис қилмоқдаман», - дея таъкидлаб ўтди актриса.

Аввалроқ турли ОАВларида актриса Ислом динини қабул қилгани ҳамда “Инстаграм”даги саҳифасида шахсий маълумот бўлимига “Alaikum salam” сўзларини ёзиб қўйгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид