Жамият | 10:03 / 06.02.2017
115747
3 дақиқада ўқилади

Тошкент. Тонг саҳар. Изғирин... Йўл четида турган болакай ҳайдовчининг эътиборини тортди

Дунё кутилмаган ҳодисаларга тўла сандиққа ўхшайди. Унинг ичига кирсанг, ўзинг кутмаган ҳолатларга дуч келаверасан. Уларнинг айримлари сени хафа қилса, бошқаси хурсанд қилади. Натижада ҳаётий тажрибанг ошиб, бу ишлардан бир ҳикмат қидиришга тушасан.

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳининг Шерзод Касимов исмли фойдаланувчиси ўз ҳаётида содир бўлган ана шундай ҳолатлардан бирини гуруҳ фойдаланувчилари эътиборига ҳавола этди.

Шерзоднинг айтишича, у куни кеча соат тонгги 7:20да машинасида қаёққадир кетаётган вақтда кўзи йўл четида мунғайиб турган болага тушади. Шерзод унинг ёнида тўхтаб, болани машинага чиқариб олади. Йўлма йўл бола билан суҳбатлашиб кетиш баробарида уни кўздан кечиради. Боланинг музлаган қўллари ва уларда ушлаб олган 500 сўм пул ҳайдовчининг эътиборини ўзига тортади. Шерзоднинг айтишича, бола унга ярим соатдан бери йўл ёқасида тургани, шу вақт оралиғида бирорта ҳам машина тўхтамаганини гапириб беради.

Гуруҳда эълон қилинган ушбу пост, фойдаланувчиларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Кўпчилик бу ишда боланинг ота-онасини бепарволикда айблашган. Саҳармардондан кўчага чиқиб олган, бунинг устига қўлида 500 сўм ушлаб олган боланинг ҳолатига кўпчилик ачинган, ҳайдовчининг мурувватига тан беришган.

Бола нега бу ҳолатда кўчада турган, қаердан чиқиб қаерга кетган Шерзод Касимов бунга ойдинлик киритмаган. Фақатгина воқеага тааллуқли фотосуратларни илова қилган.   

“Ҳурматли ҳайдовчилар, ёш болалар ва ёши катталарга ҳиммат кўрсатайлик, эътиборли бўлайлик. Айниқса, шундай совуқ кунларда...”, деб ёзади у.

Шерзоднинг гапларида жон бор. Инсон ўз номи билан инсон. Унинг қадри барча нарсадан юқори туради. Ушбу вазиятга холис ёндашиладиган бўлса, бола томонидан қандай вазият эканлиги барчага қоронғи, аммо унинг йўл четида, изғирин совуқда ярим соатлаб туриши ва ўша йўлдан ўтаётган машиналарнинг бирортаси тўхтамаслиги ҳолатнинг очиқ кўринишидир. Бирор кишига қилинган ҳар бир яхшилик, албатта, юз бўлиб қайтади. Бу дунёда... Охиратда-ку, бунинг савоби чексиз. Шу сабаб, азизлар, келинг, бир-биримизга суянч, меҳрибон ва мурувватли бўлайлик.

 

Мавзуга оид