Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.
Қарорга берилган расмий шарҳда айтилишича, шу кунгача қонун ҳужжатларини, жумладан, расмий тарқатмаларни тарқатишнинг ягона механизми ва тартиби мавжуд эмас эди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳларсиз, концепциясиз ва бошқа ахборот материалларисиз нашр этилар, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича чоралар белгиланмаган эди.
Ушбу қарор билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг ягона тартибини ўрнатиш, бу соҳада принципиал янги ёндашувларни белгилаш, янги қабул қилинаётган қонунлар ижросини ташкил қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш назарда тутилмоқда.
Янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.
Бундан буён тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида кўрсатилади. Ушбу механизм янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Мамлакатда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш, нашр этишни ташкил қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да lex.uz сайтида жойлаштириш бўйича ишларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча давлат органлари ва ташкилотларига тезкор етказиш вазифаси юклатилмоқда. Бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.
Шу билан биргаликда, Адлия вазирлиги янги қабул қилинган ҳужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бир кунлик муддатда жойлаштиради ва ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилиб боради.
Қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига сифатли ва самарали тушунтириш мақсадида тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишлари масъул давлат органлари томонидан медиа-режалар ишлаб чиқиш, ҳуқуқий тарғибот бўйича гуруҳлар тузиш, туркум теле, радиокўрсатувлар ташкил қилиш, ОАВда мақолалар, ахборот материаллари эълон қилиш ва бошқалар орқали амалга оширилади.















