Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ этилиб, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қабул қилинган соҳага оид бир қатор давлат дастурларига асосан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, таъмирланди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга асосланган, бугунги давр талабларига жавоб бера оладиган таълим-тарбия тизими яратилди. Бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам жадал давом этмоқда, мустақил фикр, интеллектуал жиҳатдан ривожланган, ўз дунёқарашига эга бўлган ёшларни тарбиялаш ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда. Айниқса, дунё тараққиёти шиддати, унда кечаётган воқеалар ривожи барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашув, инновацияларни татбиқ этишни тақазо этмоқда. Аввало бу, ўқув дастурлари, дарсликлар, методикаларни янада такомиллаштириш, ўқитувчи-педагоглар савиясини мунтазам ошириб бориш, жараёнга энг замонавий ва илғор ахборот ҳамда таълим технологияларини жорий этиш билан боғлиқ муаммоларда  кўринмоқда. 

Бугунги кунда халқ таълими тизими олдига қўйилаётган бу каби вазифаларни тўлақонли амалга ошириш, амалий натижаларини таъминлаш борасида олиб борилаётган  ишлар хусусида мухбиримиз Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга бир неча саволлар билан мурожаат этди.

- Ҳурматли Улуғбек Илясович, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини таъминлашда педагог-тарбиячиларнинг касбий маҳорати муҳим ўрин тутади. Хусусан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида педагогларнинг савиясини ошириш, таълим-тарбия тизимини комплекс ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Айни пайтда халқ таълими тизимида педагогларнинг касбий ва маънавий савиясини, маҳоратини янада ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Дарҳақиқат, ёш авлодга сифатли билим бериш учун, аввало, ўқитувчи-педагоглар малакаси ва маҳорати давр талабига жавоб бериши лозим. Айниқса, бугун ёшлар жуда тез ва илғор фикрламоқда. Дарсларни уларнинг талабига мос - юқори даражада ташкил этиш учун ўқитувчи мунтазам равишда ўз маҳоратини ошириб бориши, ҳар бир машғулотга алоҳида тайёргарлик кўриши зарур. Шу боис халқ таълими тизимига янги ва замонавий таълим технологиялари, ўқув дастурларини жорий этиш билан бирга, педагогларнинг касбий маҳоратини оширишга ҳам мунтазам равишда эътибор қаратиб бориш зарур. 

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9692 та умумий ўрта таълим мактаби, 301 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та “Баркамол авлод” марказлари, 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та давлат педагогика институти фаолият кўрсатмоқда.