Тогонинг собиқ бош вазири Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси президенти этиб сайланди
Тогонинг собиқ бош вазири, 56 ёшли Жильбер Фоссун Унгбо 14 февралда Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси президенти (IFAD) этиб сайланди. Бу ҳақда БМТнинг бу махсус ташкилотининг Римдаги бош қароргоҳидаги манбалар маълум қилди.
IFAD’нинг янги президенти сайлови жамғарма бошқарувчилари кенгашининг 40-сессиясида бўлиб ўтди. Того вакили 1 апрелдан бу нуфузли халқаро институтни бошқара бошлайди. Бу ташкилот унга аъзо 176 та давлатнинг ривожланаётган мамлакатларнинг қишлоқ ҳудудларида ночорлик ва очарчиликни йўқ қилиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиради.
Ушбу лавозимга 8 номзод, жумладан уч аёл даъвогарлик қилганди. Улар орасида Доминикана Республикаси, Индонезия, Италия, Марокаш, Мексика, Того, Туркия ва Швейцария вакиллари бор эди.
Того вакили нигериялик Канайо Нванзенинг ўрнига келади. Нванзе ўзининг иккинчи 4 йиллик муддатини якунламоқда.
IFAD 1974 йилда Жаҳон озиқ-овқат анжуманининг қарори билан яратилган.