Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У.Муҳаммадиев ҳисобот билан сўзга чиқди. Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ўзи томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида депутатларга маълумот берди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, 2016 йил давлат, жамият ва фуқароларнинг ўзаро муносабатлари тизимини тубдан ўзгартирган воқеаларга тўла бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, марказда ва жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарини очишга доир қабул қилинган қарорлари алоҳида аҳамиятга эгадир. Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Киритилаётган ушбу янгиликлар умумий мақсад – давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишини таъминлаш, фуқароларнинг муносиб ва фаровон ҳаёти учун шароитлар яратиш, уларнинг шахсий, сиёсий, социал ва иқтисодий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали амалга оширишдан иборат.
“Адолат – қонун устуворлигида” тамойили Омбудсман фаолиятининг асосига айланди.
2016 йилда Омбудсман томонидан Виртуал қабулхона ва “1096” рақамли тўғридан-тўғри алоқа телефони очилди.
Омбудсман 2016 йилда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этди. Омбудсман назорат-таҳлил фаолиятининг материалларидан парламент эшитувлари жараёнида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг маърузаларини муҳокама қилиш чоғида кенг фойдаланилди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида Омбудсман томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёллар, тўлиқ бўлмаган оилаларда тарбияланаётган болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.











