Ўзбекистон | 10:55 / 21.02.2017
166251
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 10 000 сўмлик банкнот чиқарилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкнотларнинг чиқарилиши тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарор 20 февралда қабул қилинган, Сенат Марказий банк томонидан тақдим этилган ўн минг сўмлик банкнотнинг намунаси ва дизайнини маъқуллаган, банкка ўн минг сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилиши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, банкнот тавсифини ОАВда эълон қилиш юкланган.

Қарорда банкнот қачондан чиқарилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. 

Манбаларнинг билдирилишича, банкнот қизил рангда бўлади.

Ижтимоий тармоқларда бугундан Ўзбекистонда 10 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида муҳокамалар бошланди. Фойдаланувчилар бу янгиликни маъқуллашмоқда. 

«20.000, 50.000 ва 100.000 сўмликларниям биратўла чиқарвориб, ҳаммаёқда банкоматлар ўрнатиш керак. Фақат, ягона шарти - банкоматларни ўраб оладиганларни йўқ қилиш керак», дея фикр билдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг март ойида Ўзбекистонда 10 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилиши ҳақида ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда хабарлар тарқалган, аммо Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати ушбу хабарларни тасдиқламаганди.

«Кун» маълумоти

Ўзбекистон Марказий банки сайти маълумотларига кўра, 1994 йили 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик банкноталар ва 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар муомалага киритилган.

1997 йил 1 мартдан 200 сўмлик банкнота ва 1, 5, 10 сўмлик тангалар, 2000 йил 1 июнда 500 сўмлик номиналдаги, 2001 йил 1 сентябрда эса 1000 сўмлик номиналдаги банкноталар муомалага киритилган.

2005 йил 1 июлда Ўзбекистон миллий валютасининг ўн йиллигига бағишланган 100 сўмлик қийматида танга, 2011 йил 1 сентябрда эса Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган 500 сўм қийматидаги танга пуллар муомалага киритилган.

Ҳозирги вақтда энг йирик купюра ҳисобланган 5000 сўмлик қийматидаги банкноталар 2013 йил 1 июлда муомалага киритилган.

Бундан ташқари, 1999 йил 20 октябрдан Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги муносабати билан 25 сўмлик, 2002 йил 1 ноябрдан Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига бағишлаб 50 сўмлик, 2009 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан икки хил кўринишдаги 100 сўмлик металл тангалар муомалага киритилган.

Мавзуга оид