Таҳририятимизга Ўзбекистоннинг турли чеккаларидан мактублар келиши давом этмоқда. Ана шундай мактублардан бирида табиий газ масаласи тилга олинади. Гап шундаки, Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани “Намуна” МФЙда яшовчи аҳолига табиий газ ўтказиб берилган. Аммо одамларнинг газ сўрувчи моторлардан фойдалангани боис газ оқими пасайган ёки умуман йўқолган. Маҳалла фаоллари бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга, жумладан, туман газ идорасига мурожаат қилишган. У ердан маҳаллага текширувчилар келишган. Ўзини Илҳом деб таништирган ходим: “мотор ишлатаётганлар бутун маҳалланинг газ пулини тўлаб қўйишибди, ишлатишларига ҳақлари бор”, деб жавоб берган. 

“Мотор қўймаган одамлар энди умрбод газ кўрмай ўтиб кетишадими?”, деб ёзади мактуб эгаси. Маълумотларга кўра, электр бўлганда газ ўчади, чунки бу пайтда газ сўрувчи моторлар ишлаётган бўлади. Агар электр энергиясида узилиш бўлса, моторлар ҳам ўчади ва газ келиши яхшиланди. Газ тақсимотида ҳам хато ёндошилгани, қўшни маҳаллаларда газнинг кўплигидан унинг ҳиди чиқиб ётиши айтилади мактубда.

Мазкур масала юзасидан Жалақудуқ туман ҳокимлиги билан боғланганимизда, у ердагилар газ сўрувчи моторларни ишлатиш қонунга хилоф эканлигини айтишди. Орадан маълум бир вақт ўтиб, Жалақудуқ ҳокимияти вакили биз билан боғланди. Унинг айтишича, мазкур маҳаллада текшириш ишлари олиб борилган. Мазкур чора-тадбирлар натижасида ушбу маҳаллада ноқонуний газ сўрувчи моторлардан фойдаланилаётгани аниқланган. Буни қаранг-ки, айримлар текширувларга қаршилик кўрсатиб, ҳокимият вакилларини, Ёнғин хавфсизлиги ва Ички ишлар бошқармаси ходимларини хонадонига киритишмаган.

Олиб борилган текширувларда учта кўчадан учта газ сўрувчи моторлар топилган. Хонадон эгаларига қонунчиликда кўрсатилган ҳолда жарима белгиланган. Бу пайтда бошқалар ўз моторларини яширишга улгуришган. Биз билан боғланган ҳокимият вакилининг сўзларига кўра, олиб қўйилган моторлар туфайли маҳалладаги газ миқдори яхшиланган. Буни аҳоли ўз кўзи билан кўриб, амин бўлган.

Шу ўринда чекиниш қилсак... Барча термит деб аталмиш ҳашорат турини яхши билади. Қаердан яхши билади? Зараркунандалигидан, албатта. Улар бир жойга тўпланиб олганча, ўша ерга зарар келтириб, еб битириб, сўнг бошқа жойга ўтишади. Афсуски, жамиятимизда ана шундай термитга ўхшаган одамлар йўқ эмас. Натижада қонунларга амал қилиб келаётган, ўз ҳуқуқ ва бурчларини адо этаётган фуқаролар ана ўшалар ҳисобига зарар кўради.