“Эрон ҳеч қачон бош эгмайди”

23 сентябр куни Эрон президенти Масъуд Пизишкиён АҚШда – БМТ Бош Ассамблеяси олий даражадаги музокараларида нутқ сўзлади.

«АҚШ президенти бизни террорчилар деб атади. Аслида биз терроризм қурбони бўлганмиз», деди Эрон вакили БМТга юзланиб. Шундан сўнг у Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган мамлакатнинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий суратини кўрсатди.

Пизишкиён Минобдаги бошланғич мактаб ва Ламерддаги спорт мажмуасида ракета зарбаларида ҳалок бўлган 100 дан ортиқ болаларнинг айримларининг суратларини ҳам тақдим этди.

Сешанба куни Бош Ассамблеядаги нутқида Трамп унинг олдида «катта қарор» турганини таъкидлади – ё эронликларга музокара олиб бориш имконини беради, ёки «Ислом Республикасини йўқ қилиш ва буни тез амалга ошириш». Пизишкиён бу таҳдид «зўравонлик менталитети белгиси» эканини айтди.

«[Трамп] билиши керакки, санкциялар, ортиб бораётган босим ва зўравонликлар қаршисида Эрон халқининг қаршилиги фақат кучайиб боради. Биз ҳеч қачон бош эгмаймиз ёки тиз чўкмаймиз», деди у.

У шундай қўшимча қилди: «Биз куч ишлатиш тилини қабул қилмаган ҳолда, мулоқот, дипломатия ва музокараларга тайёрмиз». Пизишкиён ҳар қандай келишув доирасида АҚШнинг Ҳўрмуздаги қамали бекор қилиниши кераклигини айтди.

Шунингдек, у Эрон тинч мақсадлардаги ядровий дастурга эга бўлиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини ва ядро қуролини яратишга интилмаслигини таъкидлади.

Сешанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ва АҚШ элчиси Стив Уиткофф БМТ доирасида қатарлик воситачилар орқали музокаралар ўтказганди. Уиткофф ушбу муҳокамалар «конструктив ва истиқболли бўлишига» умид билдирди. Арақчи эса Эроннинг шартларини, жумладан, АҚШ қамалини тугатиш ва Эроннинг музлатилган активларини озод қилишни қатъий талаб қилган.

Пизишкиён нутқи бошланишида зални тарк этган АҚШ делегацияси Эрон президентининг чиқиши борасида изоҳ бермади.

Си АҚШга келди

Чоршанба куни кечки пайтда президент Доналд Трамп шахсан ўзи Эндрюс қўшма ҳарбий базасида Хитой раиси Си Жинпингни қарши олди. АҚШ вақти билан пайшанба куни Оқ уйда расмий кутиб олиш маросими бўлиши кутилмоқда.

Reutersʼнинг ёзишича, мазмунан саёз бўлган ушбу дабдабали саммитда ҳар икки етакчи — яширин рақобатга қарамай, ўзаро барқарор алоқаларни намойиш этишга интилмоқда.