Нигериялик қароқчилар россияликларни асирликдан қўйиб юборди
Нигериялик қароқчилар россиялик 7 нафар ва украиналик бир нафар денгизчини озодликка чиқарди. Бу денгизчилар BBC Caribbean кемаси билан бирга гаровга олинганди.
Севастополдаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Павел Буцайга асосланиб ТАСС агентлигининг хабар беришича, қутқарилганларнинг барчаси соғ-саломат.
Денгизчилар кема эгаси ҳамда қароқчилар ўртасидаги музокаралар якунида озодликка чиқарилган.
Интерфакс агентлиги хабарига кўра, улар асирликдан чиққач Германиянинг Франкфурт шаҳрига олиб келинган ва тез орада уйларига қайтиши кутилмоқда.
РИА Новости хабарида келтирилишича, қароқчилар сўраган товон пули тўланган, лекин бу маблағ қанча бўлгани айтилмаган.
8 февраль куни Нигерияда 7 нафар россиялик асирга тушгани хабар қилинганди. Россия ТИВ бу денгизчиларга ҳужум 5 февраль куни амалга оширилгани ҳақида маълумот берган.