4 март куни Озарбайжонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Ясмин ва Иброҳим Абзотовларнинг тўй маросими бўлиб ўтди. Маросим Озарбойжоннинг биринчи вице-президенти ва Ҳайдар Алиев фонди президенти Меҳрибон Алиева ташаббуси билан ташкиллаштирилди. Oxu.Az шу ҳақида хабар қилди.
Манбага кўра, ота-она қарамоғидан эрта маҳрум бўлган Ясмин ва Иброҳим Низомий туманидаги 1-сонли болалар уйида вояга етишган. Уларнинг муҳаббат тарихи ҳам шу масканда бошланган.
"Бирорта бола давлат қарамоғидан четда қолиши керак эмас. Давлат қарамоғига ўтган болалар ёлғиз ҳисобланмайди, улар бизнинг, давлатнинг, Озарбойжоннинг фарзандларига айланади".
Ўз фаолияти давомида Ҳайдар Алиевнинг шу сўзларига қатъий амал қилиб келувчи фонд ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим ва тарбиясига катта эътибор қаратади.

Фонд президенти Меҳрибон Алиева, вице-президент Лейла Алиева мунтазам равишда болалар уйи ва мактаб-интернатларни зиёрат қилишади, уларнинг кундалик эҳтиёжлари, таълим-тарбияси, дам олиш кунларини қандай ўтказиши билан қизиқишади, шунингдек болаларни қўллаб-қувватлашади.
Меҳрибон Алиева бу болаларнинг келгусидаги ҳаёти ҳақида ҳам ғамхўрлик қилади. Унинг ташаббуси билан ота-она қарамоғидан маҳрум, болалар уйини тарк этган ёшлар учун Абшерон ва Низомий туманларида турар-жойлар қурилган. Бундан ташқари, бу ёшларнинг ишга жойлашишига ҳам катта кўмак берилади.

Ҳайдар Алиев фонди ходимлари турли байрам ва тантаналарни болалар уйи тарбияланувчилари билан бирга нишонлаши одат тусига кирган.
Кеча Ҳайдар Алиев фонди бу катта оила аъзолари ҳисобланган икки ёшнинг ҳаётидаги энг муҳим кунлардан бири - никоҳ тўйини ўтказди.

Куёв Иброҳим Абзотовнинг 17 йиллик дўсти Ҳажрон Наврўзов ёшларга бахт тилаб, шундай деди: "Иброҳим - фаол, билимли ва мард йигит. Мен уни 11 ёшимдан биламан. Бу вақт ичида биз қалин дўст тутиндик. Ота-она меҳридан маҳрум болаларга кўрсатаётган эътибори учун Меҳрибон Алиевадан миннатдорман".











