Янгиланган “ғишт” Nokia’га жуда катта талаб кузатилмоқда
Nokia 3310 янгиланган телефонига дастлабки буюртмаларни қабул қилиб олаётган Carphone Warehouse компанияси “жуда катта талаб” ҳақида маълум қилди, деб ёзмоқда The Telegraph.
Харидорларда Nokia 3310’га аввалдан буюртма бериш имконияти расмий анонсдан бир ҳафта ўтиб пайдо бўлди.
- Nokia 3310’га бундай катта қизиқиш, харидорлар ҳақиқатдан ҳам телефонни олиш иштиёқида эканидан далолат беради, - дея айтиб ўтди Carphone Warehouse компаниясининг савдолар бўйича директори Эндрю Уилсон. У айнан қанча буюртма келиб тушганига ойдинлик киритмади.
HMD компанияси телефон чиқарилиши ҳақида маълум қилганидан сўнг, Nokia ҳақидаги қидирувлар сони 797 фоизга ортди, деб ёзади The Telegraph.
Шу билан бирга, таҳлилчиларнинг фикрича, компания бор эътиборини айнан Nokia 3310’га қаратиши керак эмас.
- Янги Nokia 3310 телефонининг чиқарилиши компания замонавий смартфонларини ҳам бир чеккага суриб қўйиши мумкин, - деб ҳисоблайди IHS Markit таҳлил компаниясининг бўлим бошлиғи Ян Фогг. - HMD Nokia бренди фақатгина аввалги хотираларни ёдга солишидан қочиши керак.
Айни дамда HMD ўз смартфонларига рақобатбардош нархларни таклиф этиши керак, бу Ғарбий Европа бозорларини эгаллашда қўл келади, деб ҳисоблайди IHS Markit таҳлилчилари.