Ўзбекистон | 17:55 / 16.03.2017
19029
3 дақиқада ўқилади

Бухоронинг Пешку туманига янги ҳоким тайинланди

2017 йил 16 март куни халқ депутатлари Пешку тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ў. Барноев сўзга чиқди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ҳокимлиги сайти.

Таъкидландики, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10-11 март кунлари вилоятдаги ташрифида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, улар билан яқиндан мулоқот қилиш ва муаммоларини ҳал этишга қаратилган долзарб вазифалар илгари сурилган, Пешку туманида бу борадаги ишлар талаб даражасида эмаслиги танқид қилинган эди. 

Вилоят ҳокими ҳудудда ҳал этилиши лозим бўлган жуда кўплаб масалалар таҳлилига эътибор қаратди.

Хусусан, туман раҳбарияти томонидан аҳоли дарди, ташвишини ўрганиш, улар муаммоларини ҳал этишда сусткашликлар кўзга ташланмоқда. 

Шунингдек, пахта, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экинларини етиштиришдаги паст кўрсаткичлар, аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг таъмирталаблиги, ички йўлларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги маърузада танқидий таҳлил этилди.

Вилоят ҳокими қайд этилган мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда туманни қолоқликдан чиқариш борасида алоҳида комплекс дастур шакллантириш лозимлиги хусусида тўхталиб, барча вилоят раҳбарларига ўз тизимлари бўйича ушбу дастурга киритиладиган лойиҳалар хусусида аниқ таклифлар тақдим этиш бўйича топшириқ берди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўз аризасига биноан, туман ҳокими Ш. Мавлонов вазифасидан озод қилинди. Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган Назаров Амрилло Ибрагимович туман ҳокими этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, «Кун.uz» ходимлари ўтган ой охирида Бухоро вилоятига сафар қилиб, вилоят ҳокими билан суҳбатлашган, ўшанда аҳоли мурожатлари ҳокимга етказилган, мурожаатларда Пешку туманидаги раҳбар амалдорлардан жиддий шикоятлар ҳам бўлганди.

Аввалроқ Президент ташрифи давомида Бухоронинг Пешку туманидаги амалдорлари ишдан олингани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид