Ўзбекистон | 15:11 / 23.03.2017
19776
2 дақиқада ўқилади

Президентлар музокаралари якунида қатор ҳужжатлар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоевнинг музокаралари якуни бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар бермоқда.

Хусусан, давлат раҳбарлари стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш бўйича Қўшма декларацияни имзолашган.

Бундан ташқари, ҚР бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Очилбой Раматов минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувни, 2017-2019 йиллар учун иқтисодий ҳамкорлик Стратегиясини, икки ҳисса солиқ солиш олдини олиш бўйича Келишувга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Баённомани имзолашган.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ҳамда Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазири Женис Касимбек халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги Келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомага имзо чекишди.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Абдулазиз Комилов ҳамда Қайрат Абдраҳманов икки давлат ташқи ишлар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик Дастурига имзо чекдилар.

Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаков ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Қобул Бердиев эса икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича Келишувни имзолашди.

Мавзуга оид