Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси иқтисодиётнинг кўпгина тармоқларида етакчи мамлакатлардан бири. Айни шу сабабли, юртимиз ёшларининг аксарияти мазкур давлатнинг таълим жараёни, хитой халқи маданиятини ўрганишга катта қизиқиш билдиришади. Биз ушбу масалаларни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент давлат шарқшунослик институти “Хитойшунослик” факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Сабоҳат Ҳошимова билан суҳбат уюштирдик.
M: - Ассалому алайкум Сабоҳат опа! Суҳбатимизни Хитой Халқ Республикасининг таълим жараёнлари мавзусида бошласак!?
C. Ҳ: - Хитой Халқ Республикаси қисқа муддатда юксак иқтисодий тараққиётга эришган саноқли мамлакатлар сирасига киради. Айни ҳозирда ҳам турли жабҳаларда ривожланиш бўйича пешқадамлардан бири бўлиб келмоқда. Албатта, бундай натижага ўз ўзидан эришиб бўлмайди. Ривожланган давлатлар тарихига назар солинса, улар етук кадрлар тайёрлашга куннинг долзарб масаласи сифатида эътибор қаратишган. Таълим самарадорлигини босқичма босқич ошириб борилишига урғу берилган. Хитой ҳам мамлакат ташкил этилганидан (1949 йил) бошлаб ёшларни ўқитишга, таълим-тарбия жараёнини яхшилашга киришди. Ва бу ўтган асримизнинг сўнгги чорагидан ўз самарасини кўрсата бошлади. Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари барқарорлашиб, айрим давлатларни ортда ҳам қолдира олди. Мазкур диёрнинг таълим тизими ҳақида тўхталадиган бўлсам, шахсан ўзим бир неча йиллар муқаддам Пекин университетида хитойлик талабаларга ўзбек тилидан дарс берганман. Хизмат фаолиятим давомида шу нарсага амин бўлганманки, хитойликлар фарзанд тарбиясига катта аҳамият қаратишади. Ўз навбатида хитойлик ёшлар ҳам илм эгаллашга чуқур ёндашишади. Ҳаттоки, мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам болаларнинг кўзлари ёниқлигидан, билимга чанқоқлигидан, ҳайратланасиз. Умуман, Хитой халқи Конфуций таълимотига бориб уланадиган, “Бугунингни кўзласанг шоли эк! Эртангни ўйласанг фарзандингни ўқит!” мазмунидаги ҳикматга амал қилишади.
M.: - Биламизки, Хитойликларнинг иероглифлари сони мингдан зиёдни ташкил этади. Ва бу ҳарфларни ўзлаштириш статистик жиҳатдан энг мураккаб ёзув ва тил деб топилган. Бу хитойликларнинг ўзларига ҳам қийинчилик туғдириши табиий, менимча!?
С. Ҳ: - Дарҳақиқат, улар алифбосидаги иероглифлар анчагина катта миқдорни ташкил этади. Иероглифлар сони 60 мингдан зиёд. Тан олиб айтиш керакки, мамлакатдаги проффесорлар ҳам бунча кўп алифбони ёддан билишмайди. Лекин, шундай бўлса-да, иероглифларни билиш талаби қатъий қўйилган. Мисол учун, мактаб ўқувчиси 3 минг, бакалавр талабаси 5 минг, магистрлар эса 8 мингта иероглифларни билиши шарт. Фан номзоди, фан докторлари 10 минг, 15 минг этиб белгилаб қўйилган. Биз ҳам факултетимиз талабаларига бакалавр босқичини тугатгунга қадар 3 мингдан зиёдини билишликни талаб қилиб қўйганмиз. Соҳа қизиқувчиларига айтишим мумкинки, хитой тилида сўзалашиш учун 2 мингдан ортиқ иероглифларни ёдлай билиш етарли бўла олади.








