Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 март куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Ҳужжатда айтилишича, “ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи давлат органларининг иш шакли ва услублари, энг аввало ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги сабабли ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди”.
Давлат идоралари аксарият ҳолларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаб, оқибатда ушбу фаолиятга лозим даражада эътибор қаратмаётгани ҳам қайд этилди.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмаганлиги ва уларга комплекс ёндашилмаётганлиги, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг тизимли равишда содир этилишига доир сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш самарадорлиги мавжуд эмаслиги кутилаётган натижаларни бермаяпти”, - дейилади ҳужжатда.
Шунингдек қайд этилишича, ваколатли органларнинг етарли даражада ташаббус кўрсатмаётганлиги, лозим даражадаги идоралараро ҳамкорликнинг мавжуд эмаслиги, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ўзаро номутаносиблиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштиришни талаб этади.
Ушбу соҳада қуйидагилар давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолиятида фаол иштирок этиш, фуқаролар мурожаатлари ва муаммоларига беписанд муносабатда бўлиш ва бюрократик ҳолатларга йўл қўймаслик орқали таъминлаш;
ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш, шунингдек уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш;
идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан видеокузатув, электрон ҳисобга олиш ва ўзаро ахборот алмашиш, идоралараро маълумотлар базалари тизимларини профилактик ишларга кенг жорий этиш;








