Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги вазият қалам аҳлида резонанс келтириб чиқарди. Tribuna.uz сайтида таниқли спорт журналисти Хайрулла Ҳамидов ва Тўра Мурод муаллифлигидаги навбатдаги «Биз ҳам футбол кўрамиз» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон футболидаги муаммолар учун ечимлар таклиф этилган.
Футбол қизиқ ўйин. Ҳаммани бирлаштирадиган бир жиҳати ҳам бор. Шуки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйнаганда эркак ҳам, аёл ҳам, кекса ҳам, ёш ҳам, ватанда юрган ҳам, олисда юрган ҳам, энг қизиғи, футболга қизиққан ҳам, қизиқмаган ҳам томоша қилади. Стадионга ҳам боради. Чунки бу пайтда Бабаян ёки Аҳмедов учун кўрилмайди – Ўзбекистон ўйнаяпти! Ана шу ватанпарварлик туйғуси бирлаштиради ҳаммани!
Эсингиздами, биринчи президентимиз вафотидан кейин термамиз ютгани? Голни нишонлаб, қийқириш ўрнига билакларига қора лента тақиб майдонга тушган футболчиларимиз жимгина қўлларини кўкка қилиб, бу ғалабани Каримовнинг руҳига бағишлашгани? Бутун Ўзбекистон халқи йиғлаганди ўшанда. Футболчиларни дуо қилганди...
Сурия термасига ютқизишганларида яна Ўзбекистон халқи бир тан, бир жон бўлиб... сўкишга тушди. Сайтларда норози бўлиб фикр билдирмаган эркак қолмади, аёл қолмади. “Бабаян аут” деган акциялар ўтказилди. Биз жим турдик. Қатар билан бўладиган ўйинни кутдик.
Энди ёзсак бўлар.
Ўзбекистон – Қатар 1:0
“Бунёдкор”даги ўйиндан кейин нима дейишни ҳам билмайсан, мақтай десанг, мақтагулик ўйин йўқ, сўкай десанг, “болларда айб йўқ” – ютишди. Энг яхшиси – таҳлил!
Таҳлил аслида борни бор, йўқни йўқ дейиш ва келажакка очиқ кўз билан қараш. Бундан қўрқмаслик керак, зотан саратоннинг иссиқ кунида барибир унинг жазирасига дуч келамиз. Тайёргарликни бугундан кўрмасак, кейин кеч бўлишини кўравериб, кўзларимиз пишиб кетди.
Таққослаш. Бугун терма жамоа мураббийларини кўп солиштиришади. “Бабаян ўрнида Қосимов бўлганида ундоқ қиларди”, “Абрамов бўлганда бундоқ бўларди”, “Четдан мутахассис келса, умуман бошқача бўларди”, деган гаплар кўп айтилади. Лекин бу тахминларнинг битта нотўғри ва ҳеч ҳам таққослаш ўрнига тушмайдиган жойи бор: рақиблар! Ҳа, айнан мана шу фактор ҳар қанақа ҳолатда таққослаш санъатини парчалаб ташлайди.
Абрамов пайтидаги Эрон бошқа эди, бугунги Эрон бошқа. Қосимов давридаги Корея бошқача эди, эндиги корейслар бошқа. Қатар ва Хитойдаги ҳолатлар ҳам бизга салбий таъсир ўтказмаётган бўлса-да, асосий рақибларимизга халақит бермоқда. Мана шуларнинг ҳаммаси бирлашиб, Ўзбекистон терма жамоасига бугунги кунда умид эшикларини қия очиб турган 3-ўринни ҳадя қилиб турибди.















