Илк мавзу – болалар футболи. Аниқроғи, болалар футболининг муаммолари ва ҳолати эмас, балки локал ҳолат ва жой ҳақида лавҳа қилинган.
Катта ёшлилар билишадики, болани футболга 6–7 ёшдан бериш керак, деган тушунча мавжуд. Бироқ болага футбол сир-асрорларини 3 ёшданоқ ўргатиш мумкинлиги кўпчилик учун янгилик бўлса керак. Шу ёшданоқ болакайларни футбол мактабига олиб бориб, тўп билан муомала қилишни ўргатиб бориш мумкин экан.
«Pakhtakor Kids» болалар футбол мактаби асосчиларидан бири, собиқ футболчи Сергей Рекун билан интервью шу мавзуда анча қизиқ жиҳатларни очиб берган.

«Мактабимиз очилганига 1 йилча бўлиб қолди. Темур Яфаров ва мен бу мактаб иш юритувчиларимиз. «Пахтакор» клуби раҳбариятига биз шундай мактаб очиш ва клуб академиясига футболчиларни етказиб бериш таклифини бердик. Улар рози бўлишди.
Болаларни 3 ёшдан футболга олиб борса бўлади, ҳа. Футбол ўзгармоқда. Европадан андоза оламиз, Россияда болалар футболи ва мактаблар қандай иш юритишини ўрганамиз. Замон ўзгармоқда, футбол жадаллашмоқда, янгиликлар киритилмоқда. Биз ҳам шу яхши ва янги жиҳатларни татбиқ қилишга уриняпмиз.
Энг ёш болаларни ўргатиш учун бирмунча бошқачароқ ёндашув лозим. Бу ёшда болалар ўйинқароқ бўлишади. Шунинг учун мураббийлар аввало педагог бўлишлари лозим. Биз мураббийлар танлашда айнан сабрли, профессионал мутахассисларга эътибор қаратганмиз.

Ва мураббийлар доимий тарзда малакаларини ошириб туришади, ўз устларида ишлашади. Мураббийлар – асосан собиқ футболчилар. Клецков, Цой, Пуришкин, Яфаров ва ҳоказо.
Дейлик, сиз ўғлингизни мактабимизга олиб келдингиз. Ёш болакай Клецков ким, Яфаров ким – танимайди. Клецков Ўзбекистоннинг 6 карра чемпиони экани, қай клубда ўйнаганининг унга фарқи йўқ, унга аввало таянч, суянч керак. Мураббийларимиз унинг учун отадек бўлишлари лозим.
Энг ёш гуруҳидаги болакайлар билан фақат футбол эмас, турли ўйинлар ўйнашади, машғулотлардан сўнг уларда стимулни ошириш учун турли ўйинчоқлар ва Панини стикерлари билан қизиқтирамиз. Бизга фарзандини олиб келаётган ота-она унинг соғлом, ақлли бўлиб ўсиши, жароҳат олмаслиги, машғулотлар жараёни доим қизиқ бўлиши борасида ишончи комил бўлади.



















