Жамият | 18:43 / 07.04.2017
40499
4 дақиқада ўқилади

Андижонда гиёҳванд милиционерлар қўлга олинди

Андижон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи катта инспектори, майор Улуғбек Отахожаев ва Улуғнор тумани ИИБ паспорт столи инспектори, сержант Жасурбек Бўстонов қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВнинг “Постда” газетаси хабар бермоқда.

Кўр кўрни қоронғида топибди, деганларидек, иккаласи 2014 йил охирларида, Жасурбек Бўстонов Андижон тумани ИИБ паспорт столи инспектори фаолият кўрсатаётган пайтда топишишди. Бир неча бор гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишди.

Орадан қарийб бир йил ўтди. Жасурбек Бўстонов Улуғнор тумани ИИБ паспорт столи инспекторлигига ўтказилди. Шу сабабли уларнинг алоқаси узилиб қолди...

...2016 йилнинг февраль ойи. Улуғбек Отахожаев туман ИИБ коменданти, сафдор Н.Йўлдошевга учрашиб, ашёвий далилларни сақлаш хонасидан хизмат компьютери учун эҳтиёт қисмлар олиши кераклигини билдирди. Н.Йўлдошев хона эшигини очди-да, Улуғбекка иши зарурлигини айтиб, хизмат хонасига чиқиб кетди.

Улуғбек компьютер эҳтиёт қисмларини олар экан, махсус қопда турган гиёҳвандлик воситасига кўзи тушди. Юраги гуп-гуп уриб, шайтоний ҳис кўнглига ғулу ташлади. Атрофга аланглади. “Озгина олсам, ким ҳам билиб турибди”, деган ўй ўтди хаёлидан. Сўнг қопни йиртиб очди-да, шу ерда турган елим халтага шоша-пиша солди. Шу пайт хонага сафдор Н.Йўлдошев кириб келди.

-  Эҳтиёт қисмларини олдингизми?

-  Ҳа, олдим. Раҳмат, - Улуғбек шундай деганча ташқарига йўналди. Худди ортидан ёв қувгандай хизмат хонасига шошилди.

...Тушга яқин Жасурбек Бўстоновнинг уяли телефони жиринглади.

-  Алло, эшитаман!

-  Салом, Жасурбек. Бормисиз, нега камнамосиз? Биз тарафларга бир келай ҳам демайсиз?

-  Эй-й-й, Улуғбек ака! Ишларингиз яхшими? Чиндан ҳам, кўришмаганимизга анча бўлди.

-  Шундан экан, келинг, бир учрашайлик. Ҳадемай, тушлик вақти бўлади.

-  Келишдик. Ярим соатда етиб бораман.

Улуғбек ва Жасурбек бирга тушлик қилишди. Кўришмаганларига анча вақт бўлган эмасми, гурунг роса қизиди. Гап орасида Улуғбек шеригига ёнида “дори” борлигини қистириб ўтди. Бу “хушхабар”дан Жасурбекнинг кўнгли янада ёришди, кўзи қувнади...

Гиёҳвандлик балоси Жасурбекни ҳам тинч қўймади. У эртаси куни эрталабданоқ Улуғбек Отахожаевнинг хизмат хонасида пайдо бўлди. Марихуана топиб беришни сўради. Улуғбек ашёвий далилларни сақлаш хонасидан ўғринча олиб чиққан оғудан маълум қисмини, аниқроғи, ўнта гугурт қутисига жойланган гиёҳвандлик моддасини ҳамтовоғига узатди-да, бунинг учун 100 АҚШ доллари беришини айтди. Жасурбек ҳозир ёнида бунча пул йўқлигини айтиб, кейинги гал олиб келишини билдирди. Гиёҳвандлик моддасини эса таниши Дилшод Мўминов билан бирга истеъмол қилишди. 

Орадан тўрт кун ўтди. Жасурбек ваъда қилганидек 500 минг сўмни Улуғбек Отахожаевга олиб келиб берди.

Шундан кейин ҳам уларнинг манфаатли “ҳамкорлиги” маълум муддат самарали давом этди. Ниҳоят, нафс қулига айланган бу кимсаларнинг жиноий қилмишларига чек қўйилди. Жасурбек Бўстонов жиноий шериги Улуғбек Отахожаевдан олган гиёҳвандлик воситасини чойхонада танишлари билан истеъмол қилмоқчи бўлиб турган бир пайтда қўлга олинди. Улуғбек Отахожаевнинг қилмишлари ҳам фош этилди. Ўз хизмат хонасида ашёвий далиллар билан ушланганида, у айбига иқрор бўлиб, бошини хам қилишдан ўзга чора топа олмади. 

Нашр хабарида милиция ходимларига қандай жазо тайинлангани ошкор этилмаган.

Мавзуга оид