2017 йил 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистин Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Арманистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сироджидин Аслов, Молдова Республикаси Ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хажиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этишди.
Йиғилишга Россия томони раислик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалалардаги унинг роли ва ўрнини кўтаришни муҳокама қилдилар.
Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда МДҲ иштирокчи-давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Кун тартибига кўра, МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15 та ҳужжат кўриб чиқилди. Улардан 9 таси Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида бўлиб ўтадиган Ҳукумат раҳбарлари кенгашига муҳокама учун киритилади.
Ҳужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олади.
Иштирокчилар христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисида Баёнотни қабул қилдилар. Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган. Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур йўналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдиришди.










