Аксарият кишилар сэлфи олиб, унинг ижтимоий тармоқларда йиғаётган лайкларидан хурсанд бўлаётган бир пайтда сураткашлар ўз асарларини Уйғониш даври санъат усталарининг ноёб дурдоналари нархида сотишмоқда. Trendymen жуда юқори баҳоланувчи суратлар рўйхатини тақдим этиб, уларга оид маълумотлар билан бўлишди.
Фантом, 1999

Мауллиф: Питер Лик
Баҳоси: 6 500 000 доллар
Ушбу сурат бугунги кундаги энг қиммат сурат ҳисобланади. Кадрда шарпага ўхшаш ёруғлик нури муҳрланган. Сурат Аризона штатидаги Антилопа каньонидаги ғорлардан бирида олинган.
Рейн II, 1999

Мауллиф: Андреас Гурски
Баҳоси: 4 338 500 доллар
Андреас Гурски — машҳур немис рассоми, у катта нархда пулланган кўплаб суратлар муаллифи. 1999 йилда рассом "Рейн II" суратини олган, унда Рейн дарёси ёмғирли осмон остида икки тўғон ўртасида тасвирланган. Гурски Рейннинг жами олтита суратини олди. "Рейн II" - уларнинг орасидаги энг йирик сурат. Қизиғи шундаки, муаллиф суратни Фотошопда таҳрирлаган, чунки композицияни электр станцияси қурилиши ва итини олиб кетаётган йўловчи бузиб қўйганди. Мазкур сурат 2011 йилда «Christies» кимошди савдосида 4 338 500 долларга сотилган. Уни Моника Шпрютнинг Кёльндаги галереяси харид қилган, кейинчалик эса сурат номаълум коллекционер томонидан қўлга киритилган.
Номсиз #96,1981

Муаллиф: Синди Шерман
Баҳоси: 3 890 500 доллар
Америкалик фоторассом Синди Шерман суратларни постановкалаш техникасида ишлайди. Шерман ўзини перформанчи-рассом деб ҳисоблайди ва сураткашликни мутлақо тан олмайди. Мусаввирнинг энг машҳур ва қиммат ишларидан бири - 1981 йилда яратилган #96-сурат. Суратда ёрқин апельсин ранг кийимдаги сепкилли малласоч қиз акс этган. Шерманнинг ўзи изоҳ беришича, суратда чуқур мазмун яширин - бир вақтнинг ўзида ҳам жозибали, ҳам беғубор қизча қўлида танишув эълонлари берилган газетани ушлаб ётибди.


























