Жаҳон | 13:39 / 10.04.2017
13586
2 дақиқада ўқилади

Кичик Трамп АҚШдаги юлдузларга мамлакатни тарк этмоқчи бўлишганини эслатиб қўйди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўғли – кичик Дональд Трамп якшанба куни америкалик шоу-бизнес юлдузларига, улар республикачи бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонса, мамлакатни тарк этиш ҳақида бонг уришганини эслатди. У бу ҳақда Twitter’даги саҳифасида бошқа бир блогернинг фикрига жавобан ёзган.

Блогер шундай ёзди: “Сўлларни қўллаб-қувватлаётган франциялик юлдузлар агарда Ле Пен сайловда ютиб чиқса, Канадага кетишларини айтишмоқда. Буни аввал ҳам қаердадир эшитгандим, шекилли?”

Кичик Трамп эса бу саволга дарҳол жавоб ёзди. "Мен худди шу нарсани ваъда қилган машҳур шахслар кўчиб кетишларини ҳали-ҳамон кутмоқдаман!!!" – дея ёзган АҚШ президенти ўғли.

Ўтган йили ўнлаб америкалик шоу-бизнес юлдузлари агарда Трамп президент бўлса мамлакатни тарк этишлари ҳақида маълум қилишганди. Ёш актриса ва ёзувчи Лина Данэм Канадага, комедия жанридаги ижокор Эми Шумер – Испанияга, актёр Сэмюэл Жексон – Жанубий Африкага, актриса ва хонанда Барбара Стрейзанд – Австралия ёки Канадага, қўшиқчи Шер эса Юпитер сайёрасига кетишга ваъда берганди. "Вашингтон экземинер" газетаси маълумотига кўра, якунда улардан ҳеч бири ўз ваъдасини бажармади.

Мавзуга оид