Стокҳольмдаги теракт ижрочиси айбини тан олувчи кўрсатмалар берди
Expressen швед газетаси 9 апрель кечки пайт ўз манбаларига таяниб, Стокҳольмдаги терактни содир этишда гумонланиб 7 апрелда ҳибсга олинган, Ўзбекистоннинг 39 ёшли фуқароси Раҳмат Оқилов айбини тан олувчи кўрсатмалар берганини маълум қилди.
"Expressen маълумотларига кўра, Раҳмат Оқилов сўроқ пайтида қилган ишидан мамнун эканлигини айтган. Бундан ташқари, у эришмоқчи бўлган нарсасига эришганини айтган. Expressen’нинг маълум қилишича, Оқилов Дроттниггатан кўчасидаги ҳужумда юк машинасини бошқарганини тан олган", деб ёзмоқда нашр.
Нашр берган маълумотлар расман тасдиқланмаган. Швеция ички ишлар вазирлиги ҳибсга олинган шахснинг исмини айтмаяпти. Бироқ Стокҳольмдаги матбуот-анжуманида полиция вакили гумонланувчи 2014 йилда Швецияда яшашга рухсат олишни сўраганини айтган. 2016 йилда унга рад жавоби берилган. Февралда Швеция миграция хизмати Оқилов ишини уни мамлакатдан чиқариб юбориш учун полицияга топширган ва шундан кейин у қидирувда бўлган.
Стокҳольм полицияси терактни содир этишда гумон қилиб 2 кишини ҳибсга олди. Иккинчи гумонланувчи 9 апрель эрталаб ушланган. У ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
7 апрель кундузи юк машинаси ҳайдовчиси Дроттнинггатан кўчасида одамларни босиб кетган. У 550 метр юриб ўтиб, Ahlens савдо маркази биносига урилган. Аниқланишича, машина ундан юк туширилаётганда ўғирлаб кетилган. Ҳужум оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳат олган.
Мавзуга оид
10:10
«Крокус»даги теракт: ишда тўрт нафар янги айбланувчи пайдо бўлди
22:10 / 25.10.2024
Туркия пойтахтида теракт уюштирганларнинг шахси аниқланди
01:02 / 24.10.2024
Анқарадаги теракт қурбонлари сони беш кишига етди. Эрдўған Қозонга ташрифини якунламоқда
20:55 / 23.10.2024