2003 йил 10 апрель куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳри аҳолиси янги даврда уйғонди, дейиш мумкин. Бир кун аввал, аёвсиз жанглардан толиққан америкалик аскарлар шаҳарни назоратига олишган эди. Маҳаллий аҳоли шаҳар бўйлаб Саддам Ҳусайнга ўрнатилган ҳайкалларни вайрон қилар, унинг суратлари таҳқирланар эди. Саддам “подшоҳ” бўлган давлат икки ҳафтада қулаб, яқингина диктаторга содиқлик бўйича қасамёд қилганлар биринчилардан бўлиб ҳайкалларни бузувчилар бўлди.
«Тўғрисини айтганда, Саддам даврида ҳозиргидан яхшироқ бўлган эди, — деб ёзади Financial Times мухбири ўтган йили Бағдод кўчаларидан бирида қулоғига чалинган суҳбатдан парча келтирар экан. — Ҳозир нима бўляпти? Бизда иқтисодий инқироз, ИШИД ҳамда порахўр раҳбарлар сон мингта».
Ҳусайн даврини соғинганлар кўп
Айтиш жоизки, бугунги кунда Ҳусайн даврини қўмсайдиган ироқликлар кўпчиликни ташкил этади. Атиги 14 йил муқаддам унинг кетишини орзу қилганлар Саддам ҳукумат тепасида қолганида мамлакат фуқаролик уруши деган балони четлаб ўтишини айтишади. Саддам Ҳусайн оддий ироқликлар орасида тартибсизликларга чек қўя оладиган қаттиққўллик тимсоли бўлиб бормоқда. Бунинг эса ўзига хос сабаблари бор. Саддам Ҳусайн ёвузлик учун ёвузлик содир этувчи деб таништирилганлар хилидан фарқ қилар эди.
Ҳаёти ва сиёсатдаги илк қадамлари
Саддам Ҳусайн Абдулмажид ал-Тикритий 1937 йилда чўпон оиласида дунёга келган, аммо Англия-Ироқ уруши қатнашчиси бўлган амакиси қўлида вояга етган. Айнан у Саддамнинг табиати шаклланишида асосий ўрин тутган ҳамда ёш Саддамга яқинлари ва қариндошлари билан мустаҳкам алоқада бўлиш фойдасини сингдирган. У умрбўйи ўз яқинларига таянди, суянди.

Аммо, таъкидлаш жоизки, Саддамни ҳокимият тепасига яқинлари эмас, партия олиб келди. Ёш Ҳусайн ўша вақтларда машҳур бўлган «Баас» — Араб ижтимоий уйғониш партиясига аъзо бўлди. Саддам ҳарбий иқтидори ва шахсий жасурлиги сабаб тезда юқорилади.
Ҳусайн Ироқда вице-президент
Ироқ президенти Абдулкарим Қосимга нисбатан уюштирилган, аммо муваффақиятсизликка учраган суиқасд уни таниқли шахсга айлантирди. Шундан сўнг, Сурияга қочган Саддам 4 йил ўтгач, Қосим тузуми қулагач, ватанига қайтди ва сиёсат оқимига қўшилди. Унинг ёрқин маърузаси «Баас» партияси етакчиси Мишель Афлак эътиборини қозонди. Мишелнинг қўллаб-қувватлаши Саддамни партиянинг хавфсизлик хизмати раҳбарига айлантирди. Бундан ташқари, Саддамнинг ўзига хос совуққонлиги ва жасурлиги, сиёсатчи сифатидаги иқтидори партиядаги обрўсини оширди. 1968 йилдаги навбатдаги давлат тўнтаришидан сўнг, ҳукуматни қўлга олган партия аъзоси бўлган Саддам мамлакатдаги иккинчи муҳим шахс, вице-президент лавозимини эгаллади.






















