Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти аҳолиси томонидан Кун.uz’га келиб тушаётган кўп сонли мурожаат ва таклифлар асосида вилоят ҳокимлиги билан боғландик ва мазкур масалаларга улардан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Мазкур мурожаат ва таклифларнинг маълум бир қисмини ижтимоий хизматлар, бандлик ва шаҳар инфратузилмаси мавзулари ташкил этади. Шу сабаб саволларга турли идоралар вакиллари жавоб қайтаришди.

Таклифлардан бирида шундай дейилади: “Салом. Видео ва фото хизматларининг барчасини қонунийлаштириш вақти келди! Бизларнинг таклифимиз Бухоро шаҳридаги барча тўй ва маракалар ўтказиладиган ресторан ва кичик барларга рўйхат дафтари бўлиши шарт. Хонанда, тасвирчи, дизайн ва ҳоказо ходимларнинг гувоҳнома ёки лицензияси бўлмаса ушбу биноларга киритилмасин. Қайси видео -фото, хонанда ва дизайнерчи, дорбоз хизматчилари, бошловчи, қаерга ва қачон ишлагани маълум бўлади. Банк томонидан қўйилган режа пул тушумлари ҳам ўз вақтида тушади. Ушбу рўйхат дафтари солиқ органлари томонидан махсус муҳр ва ип билан тикилиши керак ва улар ҳудуд солиқ инспекторини ҳар доим назоратида бўлиши шарт”.

Мазкур масала юзасидан Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Игембегенов ўз фикрини қуйидагича билдирди: “2016 йил ва 2017 йил 1-чорагида “Тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш”, “Видео ва фотосуратга олиш” хизмат турлари бўйича вилоятда 127 нафар субъект рўйхатга олинган.

Тегишли лицензия ва гувоҳномасиз фаолият кўрсатаётган 32 нафар шахс маъмурий тартибда жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари ушбу соҳадаги хизматларни қонунийлаштириш мақсадида солиқ идоралари ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси билан ҳамкорликда рейдлар олиб борилмоқда”.

Яна бир мурожаатда: “Салом. Июль ойида ўқишни тугатиб, уйга қайтаман. Мен истиқомат қиладиган манзилда интернет тармоғига уланишнинг имкони топилмади. “Ўзтелеком”, Телефон линиялари тармоғи, Мобил компаниялар, ҳар хил интернет провайдерларига бордим лекин улар менга ёрдам беришмади. Интернетга уланишнинг иложи йўқ, дейишди. Илтимос, менга бу масалани ечишда ёрдам беринг”, дейилади.

Мазкур мурожаатга Ўзбектелеком АК Бухоро филиали директори А.Шобоев қуйидаги тартибда жавоб қайтарган: “Шейхон маҳалласи 127-уйда яшовчи А.Атаевга хонадонини уй телефонига улаш учун бўш линиялар йўқлиги, қўшимча линиялар ўрнатиш 2018 йилнинг 3-чорагида режалаштирилганлиги тушунтирилди.