18:41 / 17.04.2017
25318

Андижонда иккинчи жаҳон уруши фахрийларига автомашиналар тақдим этилди

Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ, иккинчи жаҳон уруши фахрийларига GM Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай турдаги автомашиналарни бир марталик навбатсиз олиш имконияти тақдим этилган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари мазкур имкониятдан бир марта фойдаланишлари мумкин бўлади. Уруш фахрийсига, ўзига ёки яқинлари, қариндош-уруғлари ёхуд невараларидан истаганига бир марта бир дона автомобилни навбатсиз харид қилишга рухсат берувчи сертификатлар топширилди. 

Бугун Андижон вилоятида ана шундай имкониятга эга бўлган 3 нафар фахрийга “Андижон автотеххизмат” жамияти томонидан “DAMAS” автомашиналари тантанали тарзда топширилди.

Автомашиналар калитини тантанали тарзда топшириш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Шаҳзодбек Турсунов, туман ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. 

- Бугун эрталаб сертификатга асосан машинага тўлов қилган эдик, тушдан сўнг автомобилни келтириб беришди,-дейди Жалақудуқ туман Қатортол қишлоғида яшовчи 93 ёшли иккинчи жаҳон уруши фахрийси Эргашбой ота Хайитматов. – Энди набираларим билан мана шу автомашинада “Хотира ва қадрлаш куни”да тадбирларга бирга борамиз. Қўлларимиз доим дуода: Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлсин!

Шунингдек, Булоқбоши тумани Найман қишлоғида истиқомат қилувчи яна бир уруш фахрийси Исмоилжон ота Юсупов хонадонига ҳам “DAMAS” автомашинаси олиб бориб берилди.

Андижон вилоятида яшовчи жами 86 нафар иккинчи жаҳон уруши фахрийларига ана шундай сертификатлар тақдим қилинган. 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Top