Туркияда 16 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган референдум натижалари 1923 йилда Туркия Республикаси эълон қилинганидан буён ўтган 94 йил ичида мамлакат тарихидаги энг муҳим сиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Бу қандай муҳим ҳодиса ва унинг аҳамияти?

Турклар референдум мобайнида мамлакатни парламент демократиясидан президентлик бошқарувига ўтказишни ёқлаб овоз беришди.

18та ўзгаришдан иборат пакет халқ ихтиёрига қўйиб берилди, чунки конституцияга киритилажак ўзгаришлар парламентдаги депутатларнинг учдан икки қисми маъқулловига эга бўлмади. 16 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқнинг ярмисидан кўпроғи ўзгаришларни маъқуллади ва энди қонун президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланади. 

Референдумни 1923 йилда Туркия Республикасига асос солингач, мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг аҳамиятли ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Бу йўлда мамлакат президент Эрдўғон алоҳида бир қатъият кўрсатди ва вазирларини Европа давлатларидаги турк диаспоралари ўртасида сайловолди кампанияси ўтказишга ҳам жўнатди, орада Нидерландия ҳукуматини "нацистлар" деб аташга ҳам улгурди.

Янги тизимга кўра, Эрдўғон яна иккита сайловда иштирок этиши мумкин, Агар у 2019 ва 2024 йилга сайловларда ҳам ғалаба қозона олса, истиқболда мамлакатнинг якка раҳбари сифатида 2029 йилгача фаолият олиб бориши мумкин. У парламентда мутлақ катта ўринга эга бўлган, ўзи асос солган Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) раҳбарлигига ҳам қайтиши мумкин эди.

Туркияда шу вақтгача президентлик лавозими кўпроқ шунчаки бир удум сифатида мавжуд эди, бироқ сиёсатнинг шакллантирилишида маълум бир таъсирга ҳам эга эди. Ўзининг қудратли шахс эканлиги, АТП электорати ва қонуншунослари орасида катта обрў-эътиборга эгалиги туфайли Эрдўғон эски конституция амалда бўлиб турган шароитда ҳам ўз лавозими обрўсини яхшигина ошириб олган эди ва энди, референдумдан сўнг, у янада қудратли шахсга айланади.

Одамлар айнан нималар учун овоз беришди?

18 та ўзгариш аввало қонунчилик ва ижро ҳокимиятига тааллуқли бўлади. Уларга кўра:

- Президент давлат ва ҳукумат раҳбари саналади. У вазирлар ва вице-президентларни тайинлаш ва ишдан олиш ҳуқуқига эга. Президент, шунингдек, референдумлар жорий этиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

- Бош вазир лавозими бекор қилинади. Президент вазирлар маҳкамасига раҳбарлик қилади ва бир неча вице-президентлардан иборат ўринбосарларга эга бўлади. Парламент энди вазирларни кузатишдан маҳрум бўлади, чунки унинг вазирларни кузатиш ва ишончсизлик билдириш ваколатларига чек қўйилади. Парламент вазирларни оғзаки сўроққа тутиш, маълум бир фармонни чиқариш учун вазирга ваколат юклаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Президент ветосидан ўтиш учун парламент қонун лойиҳасини абсолют кўп овоз (301) билан қайта қабул қилиши керак.