Иш 1985 йил 27 февралда бошланган. Полиция бошлиғининг холаси, 57 ёшли Ева Олесен Прово шаҳридаги уйида қотиллик аломатлари билан топилди. Аёл ваҳшиёна тарзда ўлдирилган, унинг уйи остин-устун қилиб ташланганди.
Тергов 29 ёшли Дуглас Картерга бориб тақалди. Ҳибсга олингандан сўнг, у қотилликни тан олиш тўғрисидаги кўрсатмани имзолаган, бироқ кейинчалик бу иқрорлик босим остида бўлганини даъво қилган.
Шу билан бирга, Картерни жиноят жойи билан бевосита боғлайдиган ашёвий далиллар топилмаган. Айблов асосан унинг иқрорига ҳамда эр-хотин Эпифанио ва Лусия Товар кўрсатмаларига асосланган эди. Улар Картер қотиллик ҳақида сўзлаб берганини таъкидлашган.
1985 йилда Картер айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Бироқ орадан йиллар ўтиб, эр-хотин Товарлар аввалги кўрсатмаларидан воз кечди. Улар қасам ичиб, полиция уларга босим ўтказиб, Картерга қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбурлаганини айтишди. Кейинги суд жараёнлари материалларида ҳам полиция томонидан гувоҳларга молиявий ёрдам кўрсатилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
2022 йилда суд Картернинг айблов ва ўлим ҳукмларини бекор қилди. 2025 йилда Юта штати Олий суди бу қарорни ўз кучида қолдирди. Суд тергов томонидан асосий гувоҳлар билан муомала қилиш ва ҳимоячиларга маълумотларни ошкор қилмаслик билан боғлиқ кўплаб қоидабузарликларга эътибор қаратди. Картерга нисбатан янги суд жараёни белгиланди.
Аммо 2026 йил сентябь ойида яна бир муҳим воқеа юз берди.
Прокуратура такрорий ДНК текшируви натижаларини олди. Ушбу натижалар Картерни марҳум аёлнинг уйидаги эшик тутқичидан топилган қон манбаи сифатида истисно қилди. Шунингдек, унинг Ева Олесенга зарба берилган пичоқ дастасидан топилган генетик материалнинг манбаси эмаслиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, прокуратура яна ўлим жазосини сўраш ниятидан воз кечди ва Картерни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини қайта кўриб чиқиш зарурлигини маълум қилди.
28 сентябр куни судья унга тахминан 41 йиллик қамоқдан сўнг гаров эвазига озодликка чиқишга рухсат берди. Янги суд жараёнига қадар Картер GPS–трекер тақиб юриши ва марҳум аёлнинг қариндошлари билан мулоқот қилмаслиги шарт. Янги суд жараёни 2027 йил 26 июлга белгиланган.
Муҳими шундаки, Картер ҳали айбсиз деб топилмаган. Текширилган буюмларда ДНК намуналари йўқлиги унинг жиноят жойида бўлмаганлигини исботламайди. Ева Олесеннинг оиласи ҳам уни бу ишга алоқадор деб ҳисоблашда давом этмоқда. Унинг айбдорлиги ҳақидаги якуний ҳуқуқий масала очиқ қоляпти.

















