2017 йилнинг 7 апрелида машҳур киноактёр Жеки Чан 63 ёшга тўлди. Унинг ижод йўли 1970-йилларда бошланган. Ўшандан бери у фильмларда мураккаб трюкларни ўзи бажариб келади. Шундай бўлса-да, у ҳаётдан завқ олиб яшайдиган, ғайратли актёрлигича қолган. Бугун юзлаб одамлар хитойлик актёрга бахтли болалик учун миннатдорчилик билдиришади. 

 

Ҳаётнинг илк йиллари ва актёрлик фаолияти

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг, 1945 йилнинг сентябрида хитойлик Чарльз Чин Мудофаа вазирлиги томонидан айғоқчи сифатида ёлланган. Эркак бунга параллель равишда афюн (опиум) тарқатиш билан шуғулланувчи маҳаллий мафия билан ҳамкорлик қилган. Рейдлардан бирида у қора бозорда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи бўлғуси турмуш ўртоғи Лили билан танишиб қолади.

1949 йилда ҳукумат тепасига коммунистлар келганида жуфтлик Ҳонгконгга қочиб кетади. Чарльз она ватанида бошқа аёлини 4 нафар фарзанди билан қолдириб кетган эди. 1954 йилнинг 7 апрелида жуфтлик ўғилли бўлади ва унга Кон Сан дея исм беради, йиллар ўтгач, дўстлари уни Жеки Чан деб чақира бошлашади. Ота-онасининг фарзандини боқиш учун пули бўлмагани боис уни британиялик шифокорга сотмоқчи бўлишади, бироқ охир-оқибат бу фикрларидан қайтишади. 

Бир неча йил ўтгач, оила иш қидириб Австралияга йўл олади, бироқ бир йилдан сўнг ота-онаси Чанни ортга, Ҳонгконгга қайтаради. У ерда Чан саккиз йил Хитой опера институтига киради. Институтда ундан қанча (3, 5 ёки 9 йил) ўқимоқчи экани ҳақида сўрашганида – математикадан хабари йўқ актёр “10 йил” деб жавоб берган.

Кейинги йиллар у қўшиқ куйлаш, жанг санъати, драма ва акробатикани ўрганган. Устозлар яхши тайёргарлик кўрмаган болаларни уришишар эди, шу боис Чан ўз кўникмаларини мукаммаллаштиришига тўғри келган. У институт туфайли болалигидан Хитой мюзиклларида суратга тушган ва Хитой киносаноатини ўрганган. Бироқ институтда фақат грамматика, хорижий тиллар ва математикани ўргатишарди, бу эса актёрнинг умумий билимсизлигига олиб келди.

17 ёшга бориб, Чан таэквондо ва кунг-фуни бир гуруҳ рақибларни хотиржам енга олиш даражсида эгаллаган эди.

Чан 18 ёшида институтни тугаллаб, икки жойга ишга киради: циркда - акробат ва кинода – каскадёр. 1972 йилда у “Ғазаб мушти” съёмкаларида қатнашади ва ўз кумири – жанг санъати устаси ва актёр Брюс Ли билан танишади. Чаннинг довюраклиги машҳур актёрнинг унга қизиқишига сабаб бўлади ва Брюс Ли уни каскадёрликка таклиф қилади. Шу тариқа Чан 1973 йилда ишланган “Аждарҳонинг чиқиши” фильмида суратга тушган.

Картинанинг суратга олиниши давомида шундай саҳна бор – Ли Чаннинг қаҳрамонини калтаклайди ва бошига ёғоч билан уради. Зарба у қадар кучли бўлмаган, лекин каскадёр ўзини худди боши оғриб қолгандек тутади. Саҳна кўриниши суратга олиниб бўлганидан кейин Брюс Ли калтакланган актёрнинг ёнига келиб узр сўраб, уни қучоқлайди. Чаннинг 2013 йилда иқрор бўлишича, бу унинг ҳаётидаги энг унутилмас лаҳзалардан бири бўлган.