Ўзбекистонда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Ҳужжат матни ЎзА сайтида нашр қилинди.
Қонунга келтирилган шарҳда айтилишича, ушбу янги вазирлик уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик асосида кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, кўп хонадонли уйларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини техник назорат қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш, аҳолига сифатли уй-жой коммунал хизматлари кўрсатишни тубдан яхшилаш, шунингдек, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тузилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатмоқда. Уй-жойларни, аввало, ипотека кредити асосида қуриш ва реконструкция қилиш кўлами кенгаймоқда. Бу ўтган давр мобайнида аҳоли нуфузи муттасил ўсиб боришига қарамасдан аҳолини уй-жой билан таъминлаш даражасини киши бошига 1991 йилдаги 12,4 квадрат метр ўрнига ўртача 15,2 квадрат метрга етказиш имконини берди.
Уй-жой коммунал соҳасининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш асосида зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Жойлардаги ижро ҳокимияти органлари хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятини етарлича мувофиқлаштирмаяпти. Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашувнинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга тўсиқ бўлмоқда ва уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Кўп хонадонли уй-жой фондини тегишли даражада сақлашни назорат қилиш ташкил этилмаган, кўп ҳолларда уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш ва унда аҳолининг хавфсиз яшаши бўйича белгиланган талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Бино ва иншоотларни таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга оид қоида ва муддатларга риоя этилмаяпти, эски уйларни бузиш бўйича ишлар олиб борилмаяпти, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди.
Аҳоли сифатли ичимлик суви ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти билан етарли даражада таъминланмаяпти.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ва Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.








