Спорт | 11:29 / 21.04.2017
13791
2 дақиқада ўқилади

Дортмунддаги портлашни содир этишда гумон қилиниб қўлга олинган шахснинг фуқаролиги аниқ

Германия полицияси ЕЧЛ 1/4 финал «Монако»га қарши дастлабки учрашуви олдидан Дортмунднинг «Боруссия» клуби автобуси портлаши бўйича тергов ишларини давом эттирмоқда.

Bild нашри берган хабарга кўра, портлашни содир этганликда гумон қилинганлардан бири, 28 ёшли Сергей В. исмли Россия фуқароси бўлган Сергей 21 апрель куни қўлга олинган.

Манбада алоҳида қайд этилишича, қўлга олинган шахс бундан ташқари яна бир қатор жиноятларни, жумладан, қотилликлар содир этишда айбланмоқда. Яна бир аниқ бўлган жиҳат Сергей В 13 апрелда қидирувга берилган бўлиб, унинг ўзи Баден-Вюртемберг шаҳрида истиқомат қилиб келган. Полиция унинг масофадан туриб бошқариладиган пульт ёрдамида «Боруссия» делегацияси ўтирган автобусни портлатган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, портлаш натижасида «Боруссия» ҳимоячиси Марк Бартра жароҳат олган ва бир кун кейин ўтказилган учрашувда майдонга туша олмай қолганди.

Таҳлилларга кўра, Сергей В. пул ишлаб топиш мақсадида портлашни амалга оширган бўлиши мумкин. Манба олдинроқ унинг 78 минг евро эвазига «Боруссия»нинг 15 минг дона акциясини сотиб олганига эътибор қаратган. Портлашдан кейин эса клуб акциялари орқали тахминан 4 млн евро фойда кўриш имконига эга бўлган.

Шунингдек Bild портлаш содир бўлган вазиятда Сергей В. ресторанга кириб, хотиржамлик билан бифштекс буюргани, барча меҳмонлар ваҳимага тушиб қолганида ҳам миқ этмасдан ўтирганига алоҳида урғу берилган. Сергей В кейинроқ қаердан портлаш содир бўлганини кўрмоқчи бўлиб, деразани очиб қўйишларини сўраган.

Олиб борилган тергов натижаларига кўра, Сергей ҳеч қандай диний оқимлар ва экстремистик гуруҳларга аъзо эмаслиги аниқ бўлган.

Мавзуга оид