2050 йилга келиб қайси давлат АҚШдан ҳам ўзиб кетади? Дунёдаги қайси иккинчи иқтисодиёт фақат Хитойдан орқада қолади? Politiken нашрининг Осиёдаги мухбири Клаус Томсен бу саволларга жавоб излаб кўришга қарор қилди. Қуйида унинг мақоласи таржима қилинган ҳолда тақдим этилади.

Осиё ҳақида гапирадиган бўлсак, аксарият вазиятда Хитой ҳақида сўз юритамиз. Худди Осиёда бошқа давлат йўқдек. Шу билан бирга, Ҳиндистон бир неча йилдан сўнг аҳоли сони бўйича Хитойдан ҳам ўзиб кетади ва дунёдаги энг кўп инсон яшовчи давлатга айланади.

Яқинда Хитойнинг техногиганти – Alibaba компанияси кейинги беш йил давомида Европа бозорини Американинг Amazon ва eBay каби компанияларидан тортиб олишини маълум қилди.

Бироқ, икки йирик савдо майдончалари ўртасидаги ҳал қилувчи кураш ҳозирнинг ўзидаёқ Ҳиндистонда бошланиб бўлди. Бундан келиб чиқадиган асосий хулоса шуки, компания агарда Ҳиндистон ва Осиёда энг йиригига айланмаса, келажакда катта муаммоларга дуч келиши аниқ.

Рақамлар вазият ҳақида аниқ тасаввур уйғотади. Ҳиндистон аҳолиси 1,2 миллиард кишига тенг. Таққослаш учун: ЕИнинг барча аҳолиси – атиги 510 миллион инсонни ташкил этади. Бунинг устига, шуни эсдан чиқариш керак эмаски, Ҳиндистон – бу фақатгина Ҳиндистон эмас. Қишлоқ жойлардаги инсонларнинг аксарияти ҳамон қашшоқликда умр кечирмоқда, ўрта синф эса кўпаймоқда – айниқса, катта шаҳарларда. Бу эса айни кунда миллионлаб ҳиндлар европаликлар каби истеъмол талабларига эга чиқмоқчи эканидан далолат.

Шунингдек, ривожланиш Ҳиндистонни дунёда еттинчи давлатига айлангани, ҳамда ўсиш суръати сақланиб қолаётганидан далолат беради. Ўтган ойда Mandag Morgen ҳафталик бюллетени PricewaterhouseCooper фирмаси томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларини келтирди. Унга кўра, 2050 йилга келиб Хитой дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланади, ундан кейин эса Ҳиндистон жойлашади, АҚШ эса фақатгина учинчи ўринни эгаллайди.

Кенг кўламли инвестициялар

Жаҳондаги энг йирик технологик компаниялар воқеалар бундай ривожланишини аввалдан кўра билишди, ҳамда айни дамда Ҳиндистон учун кураш тропик момақалдироқни эслатиб юборади. Wall Street Journal газетаси маълумотига кўра, Amazon Ҳиндистонда ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун 34 миллиард крон сарфлашга яқин турибди. Шу билан бирга, Uber масалан, 6,8 миллиарддан кўпроқ сарфлайди. Буни Хитойнинг Alibaba компанияси Ҳиндистонда ўзига база сифатида ишлаши даркор бўлган компанияларга сўнгги икки йил давомида 4,8 миллиард крон сармоя киритгани билан боғлаш мумкин.