АҚШ президенти Доналд Трамп сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши борасидаги хавотирларни бўрттирилган деб атади. Бу ҳақда у Ирландиядаги голф клубида журналистлар билан мулоқот чоғида айтиб ўтди, деб хабар берди Reuters.
Оқ уй раҳбаридан СИ билан шуғулланувчи компаниялар янги моделларни ишлаб чиқишни секинлаштириши керакми ва соҳадаги тартибга солишни кучайтириш зарурми, деб сўрашди.
«Биз СИ соҳасида Хитойдан олдиндамиз. Биз дунёдаги энг илғор мамлакатмиз. Мен шундай бўлиб қолишини истайман. Чунки СИ пойгасида ким ғолиб бўлса, ҳамма нарсада ғолиб бўлади», – деб жавоб берди Доналд Трамп.
АҚШ президенти айрим хавфсизлик чоралари ёки чекловлар жорий этилиши мумкинлигини тан олди, бироқ технология танқидчиларини ҳаддан ташқари салбий ёндашувда айблади.
«Бу масалани кўтармаслиги керак бўлса-да, кўтараётган ўта салбий кайфиятдаги кучлар бор. Улар аслида содир бўлмайдиган нарсалар ҳақида гапирмоқда», – деди Трамп.
12 сентябр куни Anthropic (Claude) раҳбари Дарио Амодеи эссе эълон қилиб, унда компаниялар ва ҳукуматларда хавфсизлик чораларини яратиш учун кўпроқ вақт бўлиши мақсадида энг илғор СИ моделларини ишлаб чиқишни секинлаштиришни таклиф қилди. Амодеининг айтишича, СИ моделларининг ўсиб бораётган салоҳияти ва уларнинг ўз-ўзини такомиллаштириш қобилияти уни хавотирга солмоқда ва бунга мисол қилиб яқинда Hugging Face платформаси бузилгани билан боғлиқ ҳодисани келтирди.
Айнан шу куни Амодеининг таклифини OpenAI раҳбари Сэм Алтман ва Илон Маск қўллаб-қувватлади. Шунингдек, OpenAI аввалроқ режалаштирилган IPO’ни ўтказишдан воз кечди. Reuters агентлигига берган интервюсида Алтман молиявий рағбатлар хавфсизлик масалаларини иккинчи планга суриб қўйишини истамаслигини таъкидлади.















