АҚШ Молия вазирлиги 14 сентябр куни эълон қилган маълумотга кўра, Россиянинг ВТБ банки Эрон билан боғлиқ санкциялар доирасидаги рўйхатга киритилган.
Америка томони санкцияларга ВТБнинг Эронга нисбатан жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга қаратилган молиявий операцияларда иштирок этганини сабаб қилиб кўрсатган.
АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ВТБ Эронда ўз ваколатхоналарини очган, санкция остидаги Эрон банклари билан ҳисоб-китобларни амалга оширган ҳамда музлатилган Эрон активларининг миллиардлаб доллар миқдоридаги қисмини кўчириш билан боғлиқ операцияларда иштирок этган.
Шунингдек, банк Россия ва Эрон ўртасидаги савдони кенгайтириш мақсадида миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш тизимини йўлга қўйгани айтилмоқда. Ушбу механизм Эрон риали ва Россия рублида очилган корреспондентлик ҳисобварақлари орқали операцияларни амалга ошириш имконини берган.
ВТБ аввал ҳам АҚШ санкцияларига дуч келган. 2014 йил июлида Қримнинг Россия томонидан қўшиб олиниши ортидан банкка нисбатан секторал санкциялар жорий этилган эди.
2022 йил февралида Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин Вашингтон ВТБга нисбатан блокловчи санкциялар киритган.
Энди эса банк Эрон билан молиявий ҳамкорлик ва Теҳронга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашиш билан боғлиқ асослар бўйича ҳам АҚШ санкциялар рўйхатига киритилди.















