Бугун Мадриднинг «Реал» клуби УЕФА чемпионлар лигаси ярим финали дастлабки учрашуви доирасида ўз стадиони «Сантьяго Бернабеу»да ҳамшаҳарлари «Атлетико» клубини қабул қилади.

 «Реал»га бас келишда «Атлетико» яримҳимоячиси Антуан Гризманнинг ўйинига кўп нарса боғлиқ

Тошкент вақти билан соат 23:45да старт оладиган Мадрид дербиси билан УЕФА чемпионлар лигаси ярим финал учрашувлари бошлаб берилади. Диего Симеоне жамоаси, мана, тўртинчи мавсумдирки, кўҳна қитъанинг энг асосий турнирида «қироллик клуби»га рўбарў бўлмоқда.

Олдинги уч баслашувнинг барчаси «қаймоқранглилар»нинг ғалабаси билан якунланган эди. Боз устига икки бор бу ҳодиса финалда рўй берган – 2014 йил қўшимча вақтда — 4:1 ва 2016 йил 1:1 (пенальтилар сериясидан сўнг 5:3). Финалда ҳар икки марта 90 дақиқа кучли жамоани аниқлаб бера олмаган. 2014/15 йилги мавсумда эса «Атлетико» чорак финалда ютқазиб чиқиб кетган эди. Ўшанда «Сантьяго Бернубеу»да ўтган жавоб учрашувида Чичаритонинг 88-дақиқада киритган голи ҳамма нарсани ҳал қилган эди.

«Реал» ярим ҳимоячиси Иско янги қарама-қаршилик олдидан эски курашларни ёдга олар экан, Лиссабонда ўтган 2014 йилги финалда Серхио Рамос томонидан киритилган голга алоҳида эътибор қаратди. Айнан «Реал» сардорининг қўшимча вақтда урган голи «қироллик клуби»га ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказишга имкон яратган эди.