Инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш ақл бовар қилмас воқеалар билан ҳам тарихда қолган.
1) Иккинчи жаҳон урушида ўша даврда мустақил бўлган 73 та давлатдан 62 таси иштирок этган ва бу жараён ер аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган. Урушга аралашмай қолган 11 та давлат ҳам у ёки бу жиҳатдан қайсидир тарафга ён босишга мажбур бўлди. Жанговар ҳаракатлар 40 та давлат, уч қитъа ва тўрт океанда олиб борилган. 110 миллион қуролли аскар иштирок этган бу урушда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 60 миллион киши қурбон бўлган. Шу боис ҳам бу уруш чин маънода ҳақиқий Жаҳон урушига айланиб кетгани эътироф этилади.

2) Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолиси тахминан 6.5 млн кишини ташкил қиларди. Жанглар кечаётган ҳудудлардан мамлакатимизга 1.5 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келинган ва уларнинг ҳаммасига бағрикенг юртдошларимиз ўзлари ҳам урушни бошидан кечираётганларига қарамай бор меҳрларини беришган. Ҳозирда Европа Иттифоқи аҳолиси 500 миллиондан ортиқ ва бу иттифоққа аъзо давлатлар дунёнинг энг ривожланган ва бой давлатлари ҳисобланади. Қизиғи бугунги кунда уруш ҳудудларидан қочиб бораётган 1.5 миллион қочоқ бу давлатлар учун шу қадар муаммо бўлмоқдаки, бу масала иттифоқнинг дарз кетишига ҳам сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.
3) Шу кунгача ягона ва умид қиламизки охирги атом бомбардимонига Япониянинг Нагасаки ва Хиросима шаҳарлари дучор бўлишган. АҚШлик ҳарбийлар томонидан Хиросима шаҳрига режа асосида атом бомбаси ташланган бўлса, Нагасаки шаҳри тақдирнинг аччиқ ҳазили туфайли бу қуролга нишон бўлган. Аслида иккинчи бомба Кокура шаҳрига ташланиши керак эди, лекин об-ҳаво учишга ноқулай бўлганлиги сабаб учувчи бомбани Нагасакига ташлашга қарор қилади. Япониялик инженер Цутому Ямагути эса икки марта атом бомбаси портлашини бошдан кечирган инсондир. Гап шундаки 1945 йилнинг 6 августида Ямагути Хиросимада бўлган ва бомба портлашидан сўнг эрта тонгда ўзининг она шаҳри Нагасакига қочиб боради. Етиб бориши билан иккинчи бомба портлайди. Ямагути 2010 йилга қадар тирик қолган ва икки атом урушини бошдан кечирган охирги инсон сифатида тарихга муҳрланган.
4) Ғалабага бағишлаб 1945 йилда ўтказилган парадда Йўлбарс номли ит аскарлар томонидан шинелда кўтарилган ҳолда олиб ўтилган. Йўлбарс уруш давомида 7468 мина ва 150 та снарядни зарарсизлантириб, минглаб аскарларни муқаррар ўлимдан сақлаб қолади. Уруш тугашига саноқли кунлар қолганда Йўлбарс оғир яраланади ва юролмай қолади. Шунда шахсан Сталиннинг ўзи шинелини ечиб беради ва итни кўтариб параддан ўтишга буйруқ беради.


















