10 май оқшомида ЕЧЛ ярим финали доирасидаги жавоб учрашувида«Атлетико» «Реал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди, аммо Зинедин Зидан шогирдлари икки учрашув натижасига кўра, (бир ҳафта олдинги учрашувда 3:0 ҳисоби қайд этилганди) финалга чиқди ва 3 июнь куни Кардиффдаги «Миллениум» стадионида «Ювентус»га қарши ўйнайдиган бўлди.
«Висенте Кальдерон» стадионидаги охирги халқаро ўйин

«Атлетико» – «Реал» дербиси «Висенте Кальдерон» стадионида ўтказилган охирги халқаро миқёсдаги учрашув бўлиб қолди. Жамоа бошқа замонавий стадион қурмоқда ва Испания чемпионатида мавсум якунлангач, бу стадион бузиб ташланади.
Ўйиндан олдин биринчи ўйин натижасидан келиб чиққан ҳолда кўпчилик Диего Симеоне жамоасининг финалга йўл олишига ишонч билдирмаётганди, аммо мураббий «Атлетико» охирги дақиқагача финал учун курашишини ваъда қилди.
— Биз ўзимизга ва кучимизга ишонамиз, – деганди Симеоне ўйинолди матбуот анжуманида. – Жавоб учрашуви олдидан ўзгаришлар қилмоқчи эмасмиз. Биз ўзимизнинг нималарга қодирлигимизни яхши биламиз. Мен ўз футболчиларимга тўла ишонаман, улар яхши футбол намойиш этиб беришади. Биз майдонда ўз устунликларимиздан фойдаланмоғимиз лозим. Мен ўз футболчиларим орасида бу ўйиннинг моҳиятини тушунмайдиганлар бўлишини истамайман. Бизнинг ўз устун жиҳатларимиз бор, шулар эвазига бу оғир вазифани уддалашга уриниб кўрамиз. Ҳакам ҳуштагини чалмагунича таслим бўлиш йўқ. Агар футболчиларимни «Реал»га қарши руҳлантира олмасам, демак ўз ишимни яхши уддаламаётган бўламан.
Зидан йирик ҳисобда ютқазмади

Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийи бўлганидан буён 3та гол фарқи билан ютқазмаган. Жамоанинг ЕЧЛдаги энг йирик мағлубияти ўтган мавсумда кузатилган, ўшанда «қаймоқранглилар» жамоаси Германияда «Вольфсбург»га 0:2 ҳисобида ютқазганди. Ўшанда «Реал»га Криштиану Роналдунинг жавоб учрашувида урган ҳет-триги ёрдам берган ва жамоа кейин муваффақиятли юришини давом эттириб, чемпионга айланганди. «Криштиану Роналдунинг ҳет-триги» бу мавсумда «матрасчилар»ни йўлда қолдирадиган бўлди. Португалиялик бу ҳужумчи 8 кун олдин «Атлетико»га қарши биринчи учрашувда 3 гол уриб, жавоб ўйини олдидан кўп нарсага ойдинлик киритиб қўйганди. Бу ўйиндан олдин Симеоне олдида қийин вазифа турганди: «Реал»га камида 3та гол уриш муҳимроқми ёки Роналдуга эркин ҳаракатланиш имконини бермасликми? «Олтин тўп»нинг тўрт карра соҳиби ўз имкониятига қачондир эга бўлиши тайин эди. «Атлетико» бу ўйинда ўз жарима майдони атрофида диққатни бир дақиқага ҳам йўқотмаслиги керак эди. Талаб қаттиқ эди.





















