Ўзбекистон | 13:29 / 11.05.2017
23333
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитойга жўнаб кетди

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекин шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Аввал хабар қилинганидек, ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашув ва музокараларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. 

Ташриф дастурида давлат раҳбарининг Хитой етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилади. 

Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 14-15 май кунлари Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этади.

Мавзуга оид