Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Ўзбекистоннинг ўрмон хўжалиги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, жумладан, ноёб манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда доривор ўсимликларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда ўрмон фондининг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари “Қизил китоб”га киритилган. 

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги соҳасида кенг қамровли ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида республикамизда ўрмон фонди ер майдони ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Бугунги кунда давлат ўрмон фонди ерлари ҳажми республика умумий ер майдонининг 25,2 фоизини ташкил этади. Ушбу кўрсаткич мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида 5,3 фоиздан ошмас эди. 

Ҳозирги пайтда, республиканинг ўрмон фонди бир неча давлат ташкилотлари томонидан бошқарилмоқда. Бу эса ўрмон фондидан самарали фойдаланишда ягона давлат сиёсатини юритиш принципига мос тушмайди. 

Бундан ташқари, соҳанинг моддий-техника базаси жисмонан ва маънан эскиргани ва етарли даражада модернизация қилинмаётгани, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантларини соҳага жалб қилиш ишларининг сустлиги, ушбу тармоқда юқори малакали мутахассислар етишмаслиги, ўрмон қонунчилигидаги айрим меъёрларнинг амалий аҳамияти ва уларни амалга ошириш механизми йўқлиги соҳа фаолиятини ривожлантириш, ўрмонларни кўпайтириш, муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишда қийинчиликлар туғдирмоқда. 

Шу муносабат билан ўрмон хўжалиги соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида кўзда тутилган бошқа вазифаларни ҳал этиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қабул қилинган ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси негизида мустақил Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил қилиш йўли билан соҳани бошқариш тузилмасини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.