Harvard Business Review нашрига берган интервьюсида Lego Group собиқ бош директори Йорген Виг Кнудсторп (у 2017 йилнинг 1 январидан бош директорликдан истеъфо бериб, LEGO брендини янги бозорларда ривожлантириш билан шуғулланувчи LEGO Brand Group директорлар кенгашини бошқармоқда) харидорларнинг меҳрини қозониш сирлари, улар ўрганиб қолган одатларнинг хусусиятлари ва компания томонидан ҳар йили болалар ва уларнинг ота-оналарига тақдим этиладиган янги ечимлар ҳақида гапириб берди.
HBR: — LEGO маҳсулотларига бўлган меҳр аслида шунчаки одат эканлиги хусусидаги фикрларга қўшиласизми?
Кнудсторп: — Менимча, бу одатдан ҳам юксакроқ нарса. 13 йил муқаддам, мен LEGOни бошқара бошлаганимда гуруҳ инқироз ёқасида эди. Мижозлар «Ёпилиб кетманглар! Дунё LEGOсиз жуда кўп нарсани йўқотади!» деб хатлар ёзишганди. Агар мижоз бирор бир маркага ҳиссиёти билан боғланган бўлса, уни қўлга киритиш учун ҳамма нарсага тайёр ва аминманки, бундай танлов онгли равишда амалга оширилади. Масалан, одамлар туну-кун навбатга туриб, қўлга киритишадиган iPhone 7’нинг хариди ҳам автоматик рўй бермайди, албатта.

Табиийки, ҳар қандай маҳсулотга ҳам ҳиссий алоқа боғланмайди. Авиакомпаниялар ва меҳмонхоналарнинг содиқлик дастури жорий этишларига сабаб, уларнинг хизмати камдан-кам ҳолатларда руҳий эҳтиёж келтириб чиқаришида. Ичимиздан ҳеч ким ўзини у ёки бу меҳмонхона тармоғининг мухлиси, деб атай олмаса керак. Лекин «Tide» сингари кундалик ишлатиладиган маҳсулотларни маркетинг нуқтаи назаридан илгари суришда беихтиёрликка мурожаат қилиш зарур: ундай нарсаларни биз автоматик равишда харид қиламиз.
Лекин бизникига ўхшаш маҳсулотлар —болалар учун мўлжалланган ўйинчоқлар, уларнинг ривожланишига таъсир ўтказувчи буюмларни одамлар фақат танлов осон бўлгани учунгина харид қилишмайди. Бу ерда онг ишга аралашади: инсонга ўзи учун нима муҳимроқ эканлигини аниқлаб олиш учун. Болаларга шунчаки LEGO ўйнаш ёқади, лекин улар улғайгач, бу боғланиш хотирасида қолиб кетади ва улар бу боғланишни фарзандларига узатишади. LEGOни ёшлигида ўйнаб кўрганларга сотиш жуда осон. Шу сабабли биз ривожланаётган бозорлар учун алоҳида ёндашамиз: чунки у ерда истеъмолчиларнинг дастлабки авлоди вужудга келмоқда.










