Кейинги вақтларда интернет журналистикасида долзарб мавзуга айланган ўқитувчиларнинг қўшимча ишларга мажбурий жалб этилиши муаммосига матбуотда ҳам эътибор қаратилди. «Оила даврасида» газетасининг 2017 йил 18 май сонида «Математика» металлом йиғишга, «Адабиёт» кўча тозалашга... Ёхуд ўқитувчини зиммасига кирмайдиган юмушларга ким мажбурламоқда?» сарлавҳали мақола чоп қилинди.
Қуйида ушбу мақола ўзгартиришларсиз қайта нашр этилади.
Андижон вилоятидан юборилган хатда шундай сўзлар келтирилган: «Фарзандим информатика фанидан икки йиллик дарс жараёнида айтарли нарса ўргана олмади. Шу боис репетиторга бердим. Болам орадан уч ой ўтиб, дастурлашни яхши ўзлаштирди. Бир томондан, бундан беҳад хурсанд бўлсам, иккинчи тарафдан эса мактабдаги таълимнинг сифатсизлиги, ўқитувчининг етарли малакага эга эмаслигидан жаҳлим чиқди...»
Ушбу ҳолат нашр таҳририятини мулоҳазага чорлайди.
Бундай вазиятни бугун деярли барча таълим муассасаларида учратяпмиз. Ўқув соатларида ўтилиши керак бўлган дарслар «продлёнка», «қўшимча дарс», «репетитор» тарзида «чуқурроқ» ҳамда «сифатли» қилиб ўтилмоқда. Аммо ушбу мақолада мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзумиз бу ҳақда эмас.
Ҳаммамиз боламизнинг илмсизлиги учун кўпроқ ўқитувчини айблашга одатланиб қолганмиз. Тўғри, шолига қўшилиб курмак ҳам сув ичганидек, шунчаки кунни ўтказиб, маошини олиб юрган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Бундайларни нафақат таълим, балки бошқа соҳа вакиллари орасида ҳам учратиш мумкин. Лекин ўз ишини қадрлайдиган, заҳматкаш, инсофли, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига сидқидилдан бош-қош бўладиган, шарафли ва машаққатли касбини улуғлаб келаётган ўқитувчилар жуда кўп.
Аслида ўқитувчи ўқувчиларга яхши дарс ўтолмаслигининг ўта муҳим, керак бўлса, бирламчи сабаби ҳам бор. У ҳам бўлса, унинг гарданига асосий иши бир четда қолиб, ҳаддан ташқари ортиқча вазифалар юклатилишидир. Оқибатда бу таълим сифатига ўзининг салбий таъсирини ўтказиб, муаллим айбсиз айбдорга айланиб қолмоқда.
Келинг, бу ҳақда яхшиси, ўқитувчиларнинг ўзидан сўрасак.
«Дам олиш куни ҳам иш»
— Ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бераман, — дейди исмини айтишни истамаган Олмалиқ шаҳридаги мактабларнинг бирида фаолият юритаётган ўқитувчи. — Бошқа ташкилотларда ҳафтада асосан, беш кун иш бўлса, биз етти кун ишлаймиз. Якшанба куни камида олти нафар ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси ва ўзи билан бирга расмга тушиб, суратни мактабга топширамиз. Бундан кўзланган мақсад — ўқитувчи, ҳатто, дам олиш куни ҳам ўз ўқувчиларини назорат қилиб боришини кўрсатишдир. Камига, мактабларда керагидан ортиқ қоғозбозликка ружу қўйилган. Ўқитувчи ҳар бир қилган иши учун бир энлик қоғоз тўлдириб, ҳисобот ёзишга мажбур.














