2017 йил 15 апрелида Тошкент шаҳар ҳокимлигида "Тошкент шаҳри ҳудудида автомототранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга келтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари"га бағишланган брифинг бўлиб ўтган эди.
Унда Тошкент шаҳрининг туман, мавзе, даҳалар ҳудудида шаҳарсозлик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига ҳамда аҳоли хавфсизлигига жавоб бермайдиган темир бетон гаражлар мавжудлиги, қолаверса, ушбу темир бетон гаражлар кўп қаватли турар-жой биноларининг оралиғида жойлашган бўлиб, аҳоли томонидан бошқа мақсадларда ҳам фойдаланиб келинаётгани таъкидланди.
Шу мавзуга доир Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори лойиҳаси www.regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун жойлаштирилганди. Кейинчалик турли ижтимоий тармоқларда гаражлар бузилиши бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Айни дамга қадар жуда кўпчилик гараж эгаларини бир савол қийнаб келмоқда: Гаражни буздирмасликнинг иложи борми, бўлса қандай?

Маълум бўлишича, бунинг имкони бор. Учтепа тумани ҳокимлиги вакили шу масалага ойдинлик киритди. Унинг Кун.uz мухбирига айтишича, гаражларнинг бузилмаслиги учун бир неча меъёрий-ҳуқуқий ишларни амалга ошириш талаб этилади.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри ҳокимининг гаражларни бузиш тўғрисидаги қарорида, асосан, хусусий ва индивидуал тартибда қуриб олинган гаражларни бузиш кўзда тутилган. Яъни, сиз гараж эгаси бўлиб, гараж алоҳида бир жойда турган бўлса, ёки бир неча 10 ёки 100 гараж бир ҳудудда турганидан қатъи назар, улар гараж эгалари ширкатига бирлашган бўлса, бундай гаражлар бузилади. Уларнинг ўрнида лойиҳада белгиланганидек, 2, 3 ёки 6 қаватли пуллик ёхуд бепул оддий автотураргоҳлар барпо этилади.
Агар ширкат аъзолари ўзаро бирлашган ҳолда ҳокимиятга ариза билан мурожаат қилиб, унда ўзларига қарашли гаражлар ширкати ҳудудида тегишли тартиб-қоидани ўрнатишни сўраса, ҳокимият ҳоким буйруғи асосида ушбу гаражларни давлат назоратига олади. Шу билан бу гаражлар ўз ҳолатида сақлаб қолинади. У ернинг атрофини ободонлаштириш, гаражлар ҳудудини ёнғин ва аҳоли хавфсизлиги меъёрларига мослаштириш, барча гаражларни бир хил тусга бўяш, зарур бўлса, гаражлар ҳудудини металл панеллар билан ўраб чиқиш, асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилади. Гаражлар жойлашган ҳудуд ичкарисида махсус кузатув минораси барпо этилади, масъул идоралар вакиллари иштирокида барча гаражлар бирма-бир кўздан кечирилиб, уларнинг ичида фақат автомобилни сақлаш чоралари кўрилади. Ортиқча нарсалар олиб чиқилиши талаб этилади.

















