Болгария миллий радиоси маълумотига кўра, 1 ноябр куни ўтказилган овоз бериш натижаларининг «Мяра» агентлиги амалга оширган параллел ҳисобида Йотова ва вице-президентликка номзод Кирилл Вилчев жуфтлиги 58,2 фоиз овоз олган. Собиқ бош вазир Андрей Гюров ва Георги Кандев жуфтлигини эса 38,6 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаган.
Alpha Research агентлигининг параллел саноғида ҳам Йотова олдинда — унинг натижаси 57,4 фоизни, Гюровники эса 39,6 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар расмий якуний натижалар эмас.
Андрей Гюров брифингда мағлубиятини тан олиб, натижалар ўзи учун кутилмаган бўлса-да, уларни қабул қилишини айтган. Унинг фикрича, Болгарияни «оғир даврлар» кутмоқда, аммо мамлакат умумий вазифаларни ҳал қилиш учун бирлашиш йўлларини излаши керак.
«Ҳеч нарса беҳуда бўлмади, энг яхшиси ҳали олдинда. Биз ривожланиш учун яхши асос яратдик», — деган Гюров.
Агар расмий натижалар ҳам Йотованинг ғалабасини тасдиқласа, у Болгарияда президентлик сайловида ғалаба қозонган биринчи аёл бўлади. Йотова 2026 йил январда Румен Радев муддатидан олдин истеъфога чиққанидан сўнг вице-президент лавозимидан давлат раҳбарлигига ўтган эди.
«Мяра» агентлиги маълумотига кўра, иккинчи турда сайловчиларнинг 27,2 фоизи овоз беришда қатнашган. Бу биринчи турдаги 23 фоизлик кўрсаткичдан бироз юқори.
25 октябрда ўтказилган биринчи турда президентлик учун курашган 27 номзоднинг ҳеч бири ғалаба учун зарур кўпчилик овозни тўплай олмаган. Йотова 34,76 фоиз, Гюров 31,95 фоиз овоз олган. Миллатчи «Уйғониш» партияси вакили Костадин Костадиновни эса 12,54 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаган.
DW қайд этишича, бу сайлов Болгариянинг ташқи сиёсати, жумладан, Россиянинг Украинага қарши урушига муносабати ва Москва билан алоқалари нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Собиқ журналист ва Европа парламенти депутати Йотова, ўзидан аввалги президент Румен Радев каби, сиёсий рақибларига нисбатан Россияга илиқроқ муносабатда. Гюров эса европапараст қарашларни илгари суриб, либерал-консерватив мухолифат қўлловига таянган.
Болгария президенти беш йил муддатга сайланади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун сайловчиларнинг камида ярми иштирок этган шароитда овозларнинг ярмидан кўпини олиш талаб қилинади. Акс ҳолда, энг кўп овоз олган икки номзод иккинчи турда курашни давом эттиради.












