21 октябр куни ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида пойтахтнинг Учтепа ва Бектемир туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида тезкор тадбирлар ўтказилган.
Маълум қилинишича, 2004 йилда туғилган уч нафар шахс «Трекер» автомобилида гиёҳвандлик воситаларини тарқатаётган вақтда ушланган. Улар гуруҳда омборчи ва моддаларни яширин жойларга қолдирувчи тарқатувчи вазифаларини бажарганликда гумонланмоқда.
Уларнинг яшаш хонадони ва ижарага олган дала ҳовлилари ҳам кўздан кечирилган. Гиёҳвандлик воситаларидан ташқари, 1000 дона зип-пакет, тарозилар ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлашга қаратилган тадбирлар Юқори Чирчиқ туманида давом эттирилган. У ерда очиқ дала майдонига яширилган синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиш учун келган шахслар ва уларнинг шериклари ушлангани билдирилган.
Ушланганлар орасида турли таълим муассасаларида ўқиётган ёшлар ҳамда илгари судланган шахслар бор. Хабарда 1999, 2000, 2001 ва 2007 йилларда туғилган шахслар тилга олинган.
Тезкор суриштирув маълумотларига кўра, гумонланувчилар бир неча ой давомида интернет наркодўкони ташкилотчиларининг топшириқларини бажариб келган. Улар дастлаб тарқатувчи, кейинчалик эса омборчи вазифасида ишлагани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

















