Швециянинг бутун бошли шаҳри вайрон бўлиш хавфи остида қолгани сабабли унинг аҳолиси уйлари билан бирга кўчишига тўғри келмоқда. 

Кирунадаги биринчи уй кўчиши. Фото Ноэлла Йоханссон

2017 йил майида Швециянинг Кируна шаҳрида айрим тарихий бинолар ва уйларни транспорт воситаларига юклаб, бошқа жойга кўчириш ишлари бошлаб юборилди. Биноларнинг кўчиши билан 18 минг киши истиқомат қиладиган шаҳарчани 3 км шарққа кўчириш режасига старт берилди. Бу яқин орадаги темир кони ҳудуди кенгайиши билан боғлиқ. Гап шундаки, бунинг оқибатида пойдеворлар ерга ботиб, вайрон бўлиш хавфи кучайиб бораётгани сабабли, шаҳар ерга чўкиб кетиши мумкин. Tjournal.ru шу ҳақда ҳикоя қилади. 

Мана бир неча йилдирки, конга эгалик қилувчи тоғ-кон компанияси кўчиш ишларига 1 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, шаҳарни қутқариб қолишга уринмоқда. «Кўчиш» лойиҳаси муаллифлари 3 минг хонадон ва бир неча юзлаб уйларнинг барчасини бирдек сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини яхши англаса-да, — эскисининг яқинида янги шаҳарга асос солишга ҳаракат қилиб, глобал иқлим ўзгаришидан хавотир олаётган аҳолига намуна бўлишга уринмоқда. 

Доимий хавф-хатар

Швециянинг 19-аср охирида ташкил этилган энг шимолий шаҳри – Кируна тақдири бевосита дунёнинг энг йирик Kjeronavare темир кони билан боғлиқ. Кируна LKAB компанияси билан биргаликда шу ерга келган ишчилар учун ватан бўлиб қолди.

LKAB узоқ вақт мобайнида шаҳардан хавфсиз масофада темир рудаларини қазиб олиш билан шуғулланди. Бироқ, 1962 йили компания улкан шахтани қуришни бошлади. Йил сайин у йириклашиб борди. Иш шу даражага бордики, ишчилар айни вақтда деярли Кируна шаҳри остини ковлаб, темир рудаларини қазиб олишмоқда. 

Бу эса, ҳамма учун бирдек муаммо, бош оғриққа айланди. Рудаларни қазиб олиш вақтида кончилар ер ости портлашларини амалга оширишади. Сўнгра бўш жойларни тупроқ билан тўлдиришади. Бироқ, бундай мустаҳкамлаш шаҳар хавфсизлигини етарлича таъминлай олмаяпти. Пойдевор аста-секинлик билан бузилмоқда ва кун келиб, Кируна шунчаки ер остига чўкиб кетиши мумкин. 

The New York Times нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Швеция шаҳри улкан фожиа рўй беришидан аввал яна 100 йиллик муддати бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар эҳтимолий оқибатлардан ўтган асрнинг 80-йилларида огоҳлантирилган, аммо бунга жиддий эътибор беришмаган. Уйлар ёнидаги илк ёриқлар эса 2003 йилдаёқ қайд этила бошланганди.