Вашингтон штатида 3 мингдан ортиқ ўзбеклар яшаб келмоқда. Штат IT, муҳандислик, тиббиёт, авиация ва ишлаб чиқариш бўйича ижобий кўрсаткичларга эришгани боис бу ердаги ватандошларимиз ҳам асосан турли компанияларда фаолият юритади.

Мақсуда Юкcел асли Бухородан бўлиб, 26 йил аввал АҚШга кўчиб ўтган. Бугун у Америка ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритади, штатдаги ҳарбийлар ва фахрийларга ёрдам тизимини белгилашда қатнашувчи ходимларидан бири. У ҳар икки йилда Бухорога бориб-келишга ҳаракат қилишини айтади. Инсонлараро иссиқликни, меҳрибонликни энг кўп соғинаман, дейди у.

“26 йил аввал келган бўлсам-да, Ватанимни соғинаман. Ҳамма нарсасини соғинаман, борганимда қариндошларим учун байрам бўлади”, дейди Мақсуда Юксел.

Санобар эса ўқитувчи, 14 йилдан бери АҚШда яшаб келади. У бугун нафат оиласи, балки онаси билан ҳам бирга Америкада. Ўқитувчи сифатида у бошланғич синф ўқувчиларига дарс беради, Америкага эса Green card дастури орқали келган.

“Бу ерда таълим тизими бутунлай бошқача, ҳар бир синфда камида 15 та миллат вакиллари ўтирган бўлади. Шунингдек, болаларни тенг кўрасиз, билимли-билимсизга ажратолмайсиз, улар билан бир-биримизни тушуниб ишлашга мажбурмиз”, дейди асли бухоролик Санобар.

Феруза Ҳошимова эса асли тошкентлик, ўн йиллардан бери оиласи билан АҚШда яшайди. У мактабгача таълим тизимида ишлаб келади. Икки нафар фарзанди АҚШдаги олийгоҳларда ўқийди. Ҳатто, боғчадан ҳам биз болаларнинг кўнглига қарашга мажбурмиз, дейди у.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги бош консули Аҳрор Бурҳонов сўзга чиқди, йиғилганларни мустақиллик байрами билан табриклади.