Айни кунларда мамлакатимизда навбатдаги ўқув йили ниҳоясига етиб, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, умуман талаба бўлишни дилига тугган ёшлар учун ҳаяжонли дамлар бошланди. Бундай пайтда жорий йилда олий ўқув юртларига қабул ва тест синовларига оид масалалар ҳар бир йигит-қизни қизиқтириши табиий. Шу боис биз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест маркази бўлим бошлиғи Орзиқул Бобоевга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
— Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш қачондан бошланади ва қабул жараёнида қандай янгиликлар бор?
— 2011 йил 18 июлдан қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом"га киритилган охирги ўзгаришларга кўра, 2017 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларида абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш илгаригидек 20 июндан 20 июлгача эмас, балки 15 июндан 15 июлгача давом этади.
Ушбу ўзгаришлар киритилишининг асосий сабабларидан бири олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги бўлса, иккинчидан, тест материалларини сифатли тайёрлаш ва етказиш вазифаси бор. Тест синовлари ўтказиладиган кун эса ўзгармаган, доимгидек 1 август куни бўлади.
— Абитуриентларга берилаётган имтиёзлар борасида қандай ўзгаришлар бор?
— Маълумки, олий таълим муассасаларига кирувчилар учун бир неча турдаги имтиёзлар тизими мавжуд. "Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2012 йил 31 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори шулар жумласидандир. Дарҳақиқат, мазкур қарорга кўра муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва тегишли тавсияномага эга бўлган фуқароларимиз учун олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синови жараёнида тўплаган баллга қўшимча тарзда максимал тўплаш мумкин бўлган баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли балл қўшиб берилар эди. Ушбу қарорга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан тегишли ўзгартириш киритилди, қарорнинг 11-бандига мувофиқ, эндиликда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва тегишли тавсияномага эга бўлган барча фуқароларимизга республиканинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижалари бўйича тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.








