Бугун ҳеч кимга сир эмас, ҳар куни дуч келаётган манзарамиз ҳам, манзилимизни яқин қиладиган ҳам, яширишнинг ҳожати йўқ – гоҳида асабларимизни таранг қиладиган макон ҳам бу – йўллар. Бу ҳақда кўп гапирилди: танқид ҳам қилинди, ўрнига қараб, мақталди ҳам. Бир ҳақиқатни унутмаслик керакки, бугун жараён бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Бу соҳага оид Президент фармони ва қарорлари, ҳукуматнинг қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Хўш, ўзгаришлар кечмоқдами ва улар нималардан иборат? Бугун йўловчиларнинг манзили равон бўлиши учун нималар қилинди ва муаммолар нималардан иборат?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси ўринбосари С.Саифназаровга мурожаат қилдик.

- Соҳиб Исмоилович! Бугун бир қараганда, автомобиль йўлларимиз таъмири учун кўп-кўп ишлар қилинаётгандек таасурот қолади. Фармону қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси бўйича қилинаётган ишлар ҳақида хабар бериб бормоқдасизлар. Аммо очиғини айтганда, натижа – кўпчилик кутган даражада эмасдек. Чунки йўллар аҳволидан одамларимизнинг кўнгли тўлмаётир... Нега шундай?

- Ўзингиз ҳам савол бошида билибми-билмайми, эътироф қилаётганингиздек, бугунги кунда автомобиль йўллари ва уларнинг ривожланиши борасида энг юқори даражаларда, жуда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг – мамлакатдаги автомобиль йўлларининг умумий узунлиги қарийб 184 минг километр. Бунча узунликдаги йўлни бир-икки ойда эмас, йиллар давомида ҳам рисоладагидек, равон қилиб қўйиш мушкул масала. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида умумфойдаланувдаги йўл тармоғи зичлиги бўйича юқори поғоналарни эгаллаб, 1000 кишига тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 5-ўринда, 1000 км2га тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 9-ўринда туради. Демак, бу йўлни бир кунда ё бир соатда таъмирлаш ва ёки қуриш – мумкин эмас...

Шунга қарамасдан, жорий йилнинг 14 февраль куни қабул қилинган "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон, у билан бир қаторда “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлар – соҳада чинакам “инқилоб” ясаши кутилмоқда.

Умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларининг бугунги тармоғи иқтисодий тараққиёт ҳамда аҳоли талабларига асосан жавоб бериб, Республика ичидаги ва халқаро автомобиллар қатновида ҳавфсиз транспорт алоқасини таъминлайди. Аммо аҳоли сонининг доимий ўсиши, юзлаб янги аҳоли турар-жойларининг барпо этилиши ҳамда шаҳарларнинг кенгайиши Республика ички хўжалик йўллари ҳолатини ҳам тубдан яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилишини талаб этади. Бугун асосий урғу шунга қаратилмоқда.