Фан-техника | 17:24 / 03.06.2017
9142
2 дақиқада ўқилади

Amazon маҳсулотни дрон ёрдамида етказиб беришнинг янги усулини топди

Amazon товарларни дронлар ёрдамида етказиб беришни самарали ташкил этиш борасида анчадан бери изланмоқда. Гап шундаки, дронларни буюртмачилар эшиклари олдида доимий равишда қўндириш жуда ҳам самарали эмас, шу сабабдан компания мутахассислари учувчисиз қурилмалар орқали етказиб берилган маҳсулотларни тез ва хавфсиз етказиб беришнинг эҳтимолий вариантларини қидириш билан машғуллар. Amazon томонидан рўйхатдан ўтказилган сўнгги патентлардан бири – парашютга айланувчи этикеткалардир.

Патент ҳужжатларида ихтиро ҳақида батафсил маълумот берилган: посилканинг устига махсус ёрлиқ ёпиштирилади, унга барча керакли маълумотни ҳам ёзиб қўйиш, шунингдек. штрих кодлар ва QR-белгиларни ёпиштириш мумкин. Товарни дрондан ташлаш чоғида ёпиштирилган этикетка очилиб, парашютга айланади, ҳамда у юкни хавфсиз қўнишига хизмат қилади.

Парашют арқонлари ва парашютнинг ўзи ёпиштирилган этикетка устида бўлади, шунинг учун энг асосийси – ҳаммасини тўғри жойлаштириш ва ишлаб чиқариш пайтида ёпиштиришдир. Катта юкларни қўндиришда бундай парашютлардан бир нечтасини ишлатиш мумкин, қўнишнинг осон кечиши учун эса қути ичидаги махсус амортизаторлардан фойдаланилади.

Amazon’да юкларни дронлар ёрдамида етказиб беришда парашютлардан фойдаланиш ҳақидаги қарор қишда қабул қилинган, бироқ ўшанда фақатгина концепция, чизмалар яратилганди.
 

Мавзуга оид