Шаҳар дизайни бўйича таниқли маслаҳатчи, архитектор, Даниянинг Gehl Architects фирмаси асосчиси Ян Гейл Тошкентнинг шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Ян Гейлнинг ташрифи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилди ва у архитекторлар учун семинарда Тошкентда асфальт ҳаддан зиёд эканлиги, шаҳарнинг ўзи эса автомобиллар учун ўта қулайлиги, бу эса уларнинг сони ортишига сабаб бўлиши ва орадан 10 йиллар ўтгач, шаҳар туганмас тирбандликлар ва нафас олиб бўлмайдиган ҳавога дучор бўлишини таъкидлаб ўтган.
Гейл ўзининг «Жамоат жойлари. Жамоатчилик ҳаёти» китобида босқичма-босқич тузатишлар 40 йил ичида Копенҳагенни автомобиль шаҳридан пиёдалар шаҳрига қандай айлантирганини ёзади.
Гейл таъкидлаб ўтган нарсаларнинг барчаси тўғри. Бироқ, даниялик архитектор ҳокимларнинг бир неча авлоди томонидан яшил дарахтлардан маҳрум этилган Тошкентга келди. Иккинчидан, қадимда тузилган бош режа аввалига аёвсиз ўзгартирилган, кейин бутунлай четга суриб қўйилган, оқибатда, талабларга жавоб бермайдиган даражада эскирган. Айни пайтда мамлакатнинг янги раҳбарияти томонидан тикланаётган берк кўчалар ҳолатига қараб сўнгги ўн ёки ундан ортиқ йилларда шаҳар муҳити ва уни ривожлантириш борасида мутахассисларнинг сўзларига нечоғлик қулоқ солинганини англаш мумкин.
Таассуфки, шаҳарни ривожлантириш концепцияси билан шуғулланиши керак бўлган Тошкент бош режа илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти (ТашНИПИГенПлан)га ҳам иш топилмай қолди, чунки мутахассисларнинг фикри мамлакат раҳбариятиникига мос келмай қолса, уни шунчаки рад этиб қўяқолишган. Узоқ вақт молиялаштиришсиз қолган институт тажрибали мутахассисларидан айрилган. Улар хусусий лойиҳаларга ўтиб кетишган ёки мамлакатни тарк этишган. Институт бугунги кунга келиб ўз вазифаларини меъёрида бажариш имкониятига эга эмас. Боз устига, волюнтаристик қарорлар ҳануз ўтмишда қолиб кетганга ўхшамаяпти.
Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш давлат қўмитасининг тақдири ҳам шундай бўлди, бу ташкилот ҳам барча соҳани пухта билувчи мутахассисман, деганларга ёқаман, дея ўз нуфузини йўқотиб қўйди. Ўз фикрини билдириш ёки савол беришга бўлган ҳар қандай уриниш ташкилий масалага сабаб бўларди.
Шаҳарни ривожлантиришнинг бош режасини муҳимлиги ва зарурлигини теран англамоқ керак. Бош режа — бу қаерда ва қандай объектни жойлаштириб қуриш, қаердан қандай йўл ўтказишдангина иборат эмас. Бу барча инженерлик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, инженерлик коммуникациялари, алоқа кабель хўжалиги, сув ва газ манбалари — мухтасар қилиб айтганда, шаҳарнинг нормал фаолият кўрсатишини таъминловчи барча нарсадан иборат.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ер ости коммуникацияларининг электрон харитасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаганди. Бу уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш имкониятини тақдим этиб, ер ишлари олиб бораётган уларга тасодифан зарар етказишнинг олдини оларди.
















